"Бутун оламни жо қилган юрак". Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган куннинг 80 йиллигига бағишланган кўргазманинг бундай номланишида чуқур фалсафий маъно бор. Уни ҳар ким ўз нуктаи-назаридан турлича талқин қилиши мумкин.
Худди шундай, мазкур кўргазмани томоша қилганларнинг кайфияти, руҳий кечинмалари ҳам турлича. Кўп гувоҳ бўлганмиз, кўргазма залларига киришдан аввал Ислом Каримов тўғрисида бирмунча тасаввурга эга бўлган одамлар бу буюк инсоннинг яқин дўстлари, қариндош-уруғлари билан, турмуш ўртоғи ва фарзандлари, набиралари даврасида тушган суратлардаги қиёфасини кўриб ҳар хил хулосага келадилар. Баъзилар, ўзимизга ўхшаган оддий, соддагина одам экан деса, буларни атайлаб халққа кўрсатиш учун ташкил қилиб суратга олишган деганлар ҳам бўлган. Болалик, ўсмирлик ва ёшлик давридаги суратларни томоша қилганларнинг аксарияти эса, “Шунинг учун ҳам бизларнинг, оддий одамларнинг дардини ва қувончини тушунар эканларда” деган хулосага келади.
Дарҳақиқат, Ислом Абдуғаниевичнинг юраги халқ қайғуси ва меҳру-муҳаббати ила лиммо-лим тўлган эди. Том маънода, бутун оламни жо қилган юрак, эди.
Шу боис ҳам, ўз юрти ва халқининг фидойи фарзанди, бағрикенг инсон, одил етакчи, буюк шахснинг номи билан боғлиқ қадамжолар қаторида «Оқсарой» қароргоҳидаги кўргазма ҳам ҳамиша одамлар билан гавжум.
Бу ерга тез-тез қадам ранжида қиладиган Татьяна Каримова меҳмонларга нисбатан доимо очиқ ва самимий муносабатда бўлади. Вақтини аямасдан, улар билан суҳбатлашади.
13 декабрь куни кўргазмага келган россиялик блогерлар Елена Руцкая-Юнес ҳамда Фотима Орифжоновалар ҳам мана шундай мулоқот ва совға-саломлардан баҳраманд бўлдилар.
Фотима Орифжонова этник матолар, либослар, қадимий технологиялар асосида тайёрланадиган сопол идишлар бўйича мутахассис. Декоратор ва дизайнер сифатида, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган қатор кўргазма ва ярмаркаларда ўзининг «Арт Гул» компанияси маҳсулотлари билан иштирок этиб, миллий анъана ва удумларимиз, маданий меросимизни тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Меҳмонлар Ёдгорлик мажмуасида Ислом Каримов хотирасини ҳурмат ила ёдга олиб, кўргазмадаги эсдалик китобига қуйидаги дастхатни ёзиб қолдирдилар: «Ислом Абдуғаниевич нафақат Ўзбекистон раҳбари, балки бутун бир тарихий даврни ўзида мужассам этган буюк шахс. Унинг феномени катта сиёсатчи ва тарихчи олимлар томонидан ўрганиш ва изланишга лойиқдир. Ўзбекистонга тинчлик ва фаровонлик тилаймиз».
Фарход Курбонбоев олган суратлар