ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

СОЛНОМА Ноябрь


12.11.2020

1995 йил 11 ноябрь.

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Беназир Бҳутто расмий-амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Тошкент аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов кутиб олди.

Кун давомида Президент Ислом Каримов ва Покистон Бош вазири Беназир Бхуттонинг учрашуви бўлиб ўтди. Унда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон билан Покистон ўртасида иқтисодий, маданий ва савдо алоқаларини янада ривожлантиришга оид масалалар муҳокама этилди.

1996 йил 11 ноябрь.

Президент Ислом Каримов Уэльс шаҳзодаси Чарльз ҳазрати олийларини қабул қилди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатларни янада тараққий эттириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

1996 йил 11 ноябрь.

Президент Ислом Каримов Москва ва Бутун Русия патриархи Алексей Иккинчини қабул қилди. Суҳбат чоғида диннинг халқлар тотувлиги ва ҳамжиҳатлиги борасидаги ўрни беқиёслиги, бунга дин вакилларининг салмоқли ҳисса қўшиши таъкидланди.

1997 йил 11 ноябрь.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Хоразм Маъмун Академиясини қайта ташкил этиш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

1997 йил 12 ноябрь.

Америка Қўшма Штатлари Президентининг рафиқаси Ҳиллари Родэм Клинтон Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг давлат байроқлари билан безатилган Тошкент аэропортида Ҳиллари Клинтонни Президент Ислом Каримов рафиқаси Татьяна Каримова билан кутиб олди.

1997 йил 14 ноябрь. Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Ҳиллари Родэм Клинтон хоним Президент Ислом Каримов ва унинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида Самарқандга келди. «Афросиёб» меҳмонхонасида ижодкор зиёлилар, олимлар, турли миллат ва дин вакиллари, ёшлар, шаҳар жамоатчилиги билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Ҳиллари хоним нутқ сўзлади.

2000 йил 15 ноябрь.

Президент Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Япония ташқи ишлар вазирининг махсус ёрдамчиси Сумио Эдамурани қабул қилди. Меҳмон Япония ҳукумати Буюк ипак йўли бўйидаги мамлакатлар ора-сида ҳамкорлик учун энг яхши шерик сифатида Ўзбекистонни танлаганини яна бир карра таъкидлаб, ташрифдан мақсади мамлакатимизга кўрсатиладиган беғараз техникавий ва молиявий ёрдамнинг ўзаро мақбул бўлган устувор йўналишларини белгилаб олишдан иборат эканини айтди.

2001 йил 13 ноябрь.

Президент Ислом Каримов Оқсаройда Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Жан Лемьерни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболдаги режалар хусусида фикр алмашилди.

2001 йил 14 ноябрь.

Президент Ислом Каримов Оқсаройда Буюк Британия мудофаа вазири Жефри Хунни қабул қилди. Буюк Британия мудофаа вазири Ўзбекистоннинг минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш, хусусан, халқаро терроризмга қарши кураш борасида юритаётган сиёсати ва амалий саъй ҳаракатларини юксак баҳолади. Мулоқот чоғида минтақадаги вазият, Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини, жумладан, ҳарбий-техникавий соҳада ҳам янада мустаҳкамлашга қаратилган масалалар муҳокама этилди. 

2005 йил 14 ноябрь.

Президент Ислом Каримов расмий ташриф билан Россия Федерациясига жўнаб кетди.

Шу куни Президент Ислом Каримов Россия Федерациясига келди. Кремлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида яккама-якка учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-маданий, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий алоқаларга доир масалалар муҳокама қилинди.

2010 йил 15 ноябрь.

Президент Ислом Каримов Оқсаройда Европа Иттифоқининг (ЕИ) тараққиёт бўйича комиссари Андрис Пиебалгс раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига доир ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.