ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

СОЛНОМА


13.08.2020

1-2 август 2001 йил

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов МДҲ мамлакатлари давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун Россиянинг Сочи шаҳрида бўлди. Саммитда МДҲ доирасидаги интеграция жараёнларини ривожлантириш, стратегик барқарорлик ҳамда минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

6 август 2003 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов амалий ташриф билан Ўзбекистонга келган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан Самарқанд шаҳрида учрашди.  Шаҳардаги қароргоҳда Президентларнинг яккама-якка суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Россия раҳбари икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг аҳволи, ҳамкорлик истиқболлари, томонларни қизиқтирган халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

6 август 2014 йил

Президент Ислом Каримов Оқсаройда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Тошимицу Мотэгини қабул қилди. Учрашувда энергетика, нефть-газ, кимё ва кон саноати, электротехника, автомобилсозлик ва телекоммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

8-9 август 2008 йил

Президент Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзиньтаонинг таклифига биноан Пекин шаҳрида бўлиб, XXIX ёзги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди.

12 август 2004 йил

Президент Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Ричард Майерсни қабул қилди. Учрашувда ўзаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, минтақавий хавфсизликка доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.

14 август 2007 йил

Президент Ислом Каримов Оқсаройда «Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларидан бир гуруҳи билан учрашди.

15 август 2006 йил

Президент Ислом Каримов Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕврАзЭС) аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун Россия Федерациясининг Сочи шаҳрига жўнаб кетди.

15-16 август 2007 йил

Президент Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрига жўнаб кетди. Унда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Президенти Курманбек Бакиев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзиньтао, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди. Президентлар ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш, сиёсий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.

16 август 2006 йил

Учрашувда Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида Божхона иттифоқини тузишга оид масала асосий муҳокама мавзуси бўлди. Саммитда, шунингдек, ҳамжамиятнинг умумий энергетика бозорини барпо этиш, сув-энергетика консорциумини тузиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.

17 август 1995 йил

Вазирлар Маҳкамасининг Раиси Ислом Каримов «Ғузор-Бойсун-Қумқурғон» янги темир йўл линиясини лойиҳалаштириш ва қуриш масалалари тўғрисида» ги қарорга имзо чекди.

17 август 2001 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Асака шаҳридаги «ЎзДЭУавто» қўшма корхонасининг янги линияси ишга туширилишига бағишланган маросимда иштирок этди.

17-19 август 1991 йил

Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон расмий делегацияси Ҳиндистон Республикаси ҳукуматининг таклифига биноан расмий дўстона ташриф билан Ҳиндистон Республикасида бўлди. Президент Ислом Каримов сафар давомида Ҳиндистон Президенти ва вице-президенти ҳамда Бош вазири билан музокаралар ўтказди. Музокаралар сўнгида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида иқгисодий, савдо ва илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

18 август 2009 йил

Президент Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Қуролли кучлари Марказий Қўмондонлиги қўмондони Дэвид Петреусни қабул қилди. Д.Петреус АҚШнинг ҳозирги маъмурияти Ўзбекистон билан турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. У, шунингдек, Афғонистонда барқарорликни мустаҳкамлаш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга Ўзбекистон муҳим ҳисса қўшаётганини қайд этди.

19-20 август 2014 йил

Президент Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан ушбу давлатда бўлди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Мамлакатларимиз ўртасида техникавий-иқтисодий, энергетика, юқори технологиялар, банк-молия каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури қабул қилинди.

20 август 1991 йил

Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсати билан Вазирлар Маҳкамасининг қўшма мажлисида Президент Ислом Каримов Фавқулодда ҳолат давлат комитети қарорларига Ўзбекистон раҳбариятининг салбий муносабатини очиқ-ойдин баён этди.

20 август 2000 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Марказий Осиёнинг тўрт мамлакати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида қатнашди. Унда халқаро террорчилик, диний ва сиёсий экстремизм каби иллатларга қарши курашда қўшма чора-тадбирлар қўллаш ҳақида ўзаро келишиб олинди. Марказий Осиёнинг бирор давлатига қилинган таҳдид бутун минтақадаги барқарорликни хавф остига қўйиши мумкинлигини Ўзбекистон раҳбари яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари Афғонистон можаросини бартараф этишда халқаро ҳамжамият, ривожланган давлатлар етарли даражада фаоллик кўрсатмаётганини эслатиб ўтди.

22 август 2000 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Ислом Каримов Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудлари орқали юртимизга суқилиб киришга интилган халқаро террорчиларни тугатиш операцияси давом этаётган Сариосиё ва Узун туманларида бўлди. Президент Ислом Каримов бирлашган қуролли кучларнинг Сариосиё аэропортидаги штабида бўлиб, жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган аскар ва офицерлар билан суҳбатлашди.

23 август 2002 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Навоий-Учқудуқ-Султон-Увайстоғ-Нукус темир йўлида йўловчи поездлар қатнови бошланиши муносабати билан ушбу темир йўли бунёдкорларига табрик йўллади.

23 август 2011 йил

Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Ли Мён Бакнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи амалга оширилди.

24 август 1999 йил

Президент Ислом Каримов «Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпонни «Мустақиллик» ордени билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

24 август 2001 йил

Президент Ислом Каримов Навоий шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлик мажмуининг очилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

24 август 2004 йил

Президент Ислом Каримов «Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон» янги темир йўлининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

25 август 2011 йил

Президент Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Сенатининг қатор нуфузли қўмиталари аъзоси, Жанубий Каролина штатидан сайланган республикачи-сенатор Линдсей Грэхемни қабул қилди. Мулоқот чоғида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кенг кўламли масалалар юзасвдан фикр алмашилди. Жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш муаммоси муҳокама қилинди.

26 август 1995 йил

Республикамиз Президенти Ислом Каримов ЮНЕСКО бош директори Федерико Майор Сарагосани қабул қилди. Меҳмон ўзи раҳбарлик қилаётган халқаро ташкилот Ўзбекистон раҳбариятининг тинчлик ва барқарорликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлашини қайд этиб, Ўзбекистонда маданий-маърифий ишларни янада ривожлантиришда, жумладан, Бухоро ва Хива шаҳарлари юбилейларини ўтказишда ҳамкорлик қилишини айтди.

26 август 1997 йил

Президент Ислом Каримов Самарқандда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Шу куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг олти йиллиги муносабати билан фан, маданият, маърифат, оммавий ахборот воситалари ва ижодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

26 август 2005 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Россия Федерацияси Татаристон Республикаси пойтахти — Қозон шаҳрига жўнаб кетди. Мажлисда асосий эътибор МДҲни ислоҳ қилиш ва унинг органлари фаолиятини такомиллаштириш масаласига қаратилди. Президентлар хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш муаммолари, Ҳамдўстлик мамлакатларида кечаётган жараёнлар юзасидан фикр алмашдилар.

26 август 2009 йил

Президент Ислом Каримов Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» еттинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

28 август 1995 йил

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов туркий тилли давлатлар раҳбарларининг навбатдаги учрашувида иштирок этиш учун Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлди. Учрашувда қардош давлатлар ўртаси даги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикрлашилди. Мамлакатимиз раҳбари, шунингдек, «Манас» эпосининг минг йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда қатнашди ва маъруза қилди.

27-28 август 2008 йил

Президент Ислом Каримов Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида қатнашди. Саммит ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, Россия Федерацияси Президенти Дмитрий Медведев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзиньтао, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Курманбек Бакиев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди. Президентлар ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Сиёсий соҳадаги алоқалар, савдо-иқтисодий муносабатлар, маданий ва гуманитар ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Президентлар минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

29 август 1995 йил

Тошкентдаги «Юнусобод» теннис кортида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун иккинчи халқаро турнирнинг расмий очилиш маросими бўлди.

29 август 2006 йил

Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Жунъичиро Коидзуми расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Ислом Каримов ва Жунъичиро Коидзумининг яккама-якка суҳбатида Ўзбекистон-Япония муносабатларининг бугунги аҳволи ва истиқболларига оид кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган халқаро муаммолар муҳокама қилинди. Президент Ислом Каримов икки томонлама муносабатлар тарихида Ўзбекистонга илк бор Япония Бош вазири расмий ташриф буюргани, бу ташриф ўзаро алоқалар ва мамлакатларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги улкан воқеа эканлигини таъкидлади.

30 август 2001 йил

Президент Ислом Каримов Тошкент шаҳрида академик драма театри янги биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида миллий руҳ ва замонавий қиёфада қайта тикланган ушбу театрни Ўзбек миллий академик драма театри деб аташни таклиф этди.

31 август 1991 йил

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида маъруза қилди. Ушбу сессияда мамлакатимиз ҳаётида буюк тарихий воқеа содир бўлди. Юртбошимиз бутун дунёга Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди. 1 сентябрь — Мустақиллик куни умумхалқ байрами этиб белгиланди.

31 август 1991 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини тасдиқлади.

31 август 1992 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 1 йиллигига бағишланган илк тантанали маросимда нутқ сўзлади.

31 август 1993 йил

Президент Ислом Каримов пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида буюк саркардага ўрнатилган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиқди. Шу кун Юртбошимиз Тошкентдаги Мустақиллик майдонида мамлакатимиз мустақиллигининг икки йиллиги тантаналарида иштирок этди.

31 август 1995 йил

Мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов замонамизнинг улкан ёзувчиси, йирик жамоат арбоби Чингиз Айтматовга «Дўстлик» орденини топширди. Президентимизнинг улуғ адиб билан ўтказган суҳбатида Марказий Осиё халқларининг дўстлиги, ҳамкорлиги ва маънавий бирлигини мустаҳкамлаш борасида фикрлар алмашилди.

31 август 2001 йил

Мустақиллик байрами арафасида Президент Ислом Каримов ташаббуси билан илк бор «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида мустабид тузум даврида зулм ва зўравонлик қурбони бўлган ватандошларимиз ёд этилди.