Хитойлик дипломат Чжан Мин Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби лавозимига 2022 йил 1 январь кунидан бошлаб киришди. Бош котибнинг ваколат муддати уч йил этиб белгиланган.
2019-2021 йилларда ташкилотни бошқарган Ўзбекистон вакили Владимир Норовнинг ваколат муддати тугаганидан кейин Чжан Мин ШҲТнинг Бош котиби лавозимини эгаллади.
Чжан Мин 64 ёшда, у тажрибали дипломат бўлиб, Хитой ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппарати ҳамда мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида масъулиятли лавозимларни эгаллаб келган. Бугунга қадар у Европа Иттифоқи ҳузуридаги ХХР миссиясига раҳбарлик қилган.
ШҲТга аъзо давлат етакчиларининг Самарқанд саммитида иштирок этган жаноб Чжан Мин, Ўзбекистоннинг ташкилот доирасидаги самарали фаолиятини юксак бахолади.
18 сентябрь куни олий мартабали меҳмон Оқсаройга ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” бадиий кўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилди.
Ўз таассуротларини Бош котиб Фахрий меҳмонлар китобига битилган дастхатда ифода этди: “Ҳурматли Биринчи Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг шаклланиши ва равнақ топишига ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг қарор топиши ва тараққий этишига улкан ҳисса қўшган сиёий арбоб. Биринчи Президент Ислом Каримовга чуқур миннатдорлигимни ифода этаман”.