Бухорода давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Буюк Йўлбошчимизнинг юбилейи муносабати билан чоп этилган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (Солнома)”, “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” ҳамда "Президентга мактублар” асарларининг тақдимотига бағишлаб ташкил этилган тадбирда олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидландики, Биринчи Президентимизнинг 1989-2016 йиллар давомидаги фаолияти хроникаси акс этган “Солнома”ни ўқир экансиз, кўз ўнгингизда Ўзбекистон миллий давлатчилиги асосчисининг серқирра ҳаёти мисолида Ватанимизнинг истиқлолга эришиши тарихи, мустақил тараққиёт йўли, қўлга киритилган улкан ютуқ ва марраларимиз бутун мураккаблиги, барча синов ва машаққатлари билан намоён бўлади.
Дарҳақиқат, тарихан қисқа вақтда Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон шўролар даврида асосан хом ашё базасига айлантирилган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган ва пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ республикадан тез ва барқарор суръатлар билан тараққий этиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаган қудратли давлатга айланди.
Тадбирда Биринчи Президентимиз келажагимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган навқирон авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш, уларни ёт ғоя ва иллатлардан асраш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун кенг шароит ва имкониятлар яратишга доимий эътибор қаратгани таъкидланди. Шу маънода, «Юксак маънавият – енгилмас куч» асари қайта чоп этилгани айни муддао бўлди.
Халқимизнинг Биринчи Президентимизга меҳр-муҳаббати, келажаги буюк Ўзбекистон давлатини барпо этиш борасидаги йўлига ишончи катта эди. Бу «Президентга мактублар» асарида ҳам ўз ифодасини топган.
Ислом Каримовнинг Бухорода яшаб ўтган буюк аждодларимиз қадамжоларини обод этиш, улар қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи, вилоят мусиқали драма театри ҳамда амфитеатрдан иборат яхлит “Бухоро маданий маркази”ни барпо этиш каби бунёдкорлик ишларига бевосита раҳнамолик қилгани алоҳида қайд этилди.
– Мустақилликка эришганимиздан сўнг кўп ўтмай Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши ҳам бевосита Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқ, – дейди ушбу корхона бош технологи ўринбосари Хуршид Латипов. – Ўндан зиёд нефть маҳсулотлари ишлаб чиқараётган бу корхона бугун мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида алоҳида ўринга эга. Биз бундан фахрланамиз.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.
Эркин Ёдгоров, ЎзА