ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ҚУТЛУҒ ЁШИНГИЗ МУБОРАК!


11.03.2025

Яхши олим, яхши раҳбар ва ниҳоят, яхши инсон. Кўпни кўрган одамлар бир нарсага амин бўлишганки, бу учала фазилатни бараварига ўзига ҳамроҳ қила олиш – ниҳоятда мураккаб юмуш.

Аммо бу рўйи заминда юқорида санаганимиз хислатларга ҳар томонлама муносиб шахслар ҳам бор. Бугун улардан бири – Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, атоқли олим, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов қутлуғ 75 ёшни қарши олди.

Т.Ширинов мажмуага раҳбарлик давригача ҳам мамлакатимиздаги тарих ва археология фанлари ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, Ўзбекистоннинг энг қадимги тарихи бўйича салмоқли изланишлар олиб бориб, ўнлаб шогирдлар етиштирган, юртимизнинг жаҳондаги энг кўҳна тамаддунлардан бири эканини илмий жиҳатдан асослаб берган қадимшунос олимлардан биридир. Мазкур ишлар орасида биргина мисолни келтиришнинг ўзи етарли. Қадим ва боқий шаҳримиз, “рўйи замин сайқали” бўлмиш Самарқанднинг қарийб 3 минг йиллик тарихи борлигини, у ҳақли равишда Римнинг тенгдоши эканини – илмий, назарий ва амалий жиҳатдан исботлаб берган алломалардан бири – айнан Т.Ширинов бўлади.

Ёдгорлик мажмуасига эса – у ташкил этилган чоғдан бошлаб ҳозирги пайтгача раҳбарлик қилиб келаркан, бу масканнинг Республикадаги кўзга кўринган илмий ва маърифий даргоҳ сифатида фаолият кўрсатаётгани, унинг наинки Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этаётган изланувчилар, балки оддий ҳамюртларимиз учун ҳам севимли гўшалардан бири бўлиб қолаётганида ҳам, табиийки, донишманд раҳбарнинг салоҳияти ва тажрибаси муҳим ўрин тутади.

Фурсатдан фойдаланиб, мажмуанинг илмий-ижодий ва техник жамоаси номидан – қадрли устозни қутлуғ ёши билан табриклаб, у кишига мустаҳкам соғлиқ, тинчлик-хотиржамлик, оилавий фароғат тилаб қоламиз!

Азиз бошингиз омон, руҳингиз мудом баланд бўлсин!

Т.Қурбонбоев олган фотолар