Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига – мамлакатимиз Биринчи Президентини хотирлаб, Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги собиқ Фавқулодда ва мухтор элчиси Че Ёнг Ха ташриф буюрди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Че Ёнг Ха 1997–2000 йилларда элчи сифатида фаолият олиб бориб, Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Унинг мазкур фаолияти муносиб баҳоланиб, 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармони билан, мамлакатимизнинг юксак мукофотларидан бири – “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Дипломат Ёдгорлик мажмуасининг Кўргазмалар залида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фаолиятига оид картиналар, портретлар, фотолар, пейзаж ва ҳайкалтарошлик намуналари билан танишиб, бу маскандаги санъат асарларига юксак баҳо берди.
Меҳмон Ўзбекистонда ишлаган йиллари тўғрисидаги энг ёрқин хотиралари билан ўртоқлашди ва фахрий меҳмонлар китобига ўз таасуротларини битиб, дастхат қолдирди.