ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит


08.02.2018

Жорий йилнинг 8 февраль куни Тошкентда “Туркистон” саройида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан тайёрланган ва чоп этилган “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китоб-альбоми тақдимотининг тантанали маросими ўтказилди. Тадбир Биринчи Президентимизнинг ҳаёт мазмунига айланган “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит” шиори остида ўтказилди.

Китоб-альбом лойиҳа муаллифи, оилавий архивдан кўплаб фотоматериаллар тақдим этган Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримованинг раҳбарлигида ва бевосита иштирокида тайёрланди.  Унда Ислом Абдуғаниевични яқиндан билган сафдошлари, давлат ва жамоат арбобларининг хотиралари жо олди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан Татьяна Акбаровна Каримова “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китоб-альбомини яратишга ўз ҳиссасини қўшган барчага ўз миннатдорлигини ва ташаккур сўзларини изҳор этди.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг миқёсда нишонланмоқда.  Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга ошириляпти. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Биринчи Президентимиз ҳайкаллари қад ростлади. У киши узоқ йиллар фаолият юритган Оқсарой қароргоҳи ёдгорлик мажмуасига айлантирилди. Тошкент халқаро аэропорти, йирик муассаса ва ташкилотлар, пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндорлари, шунингдек Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Қосимов сўзга чиқди.