Ўқитувчи ва мураббийлар куни Ўзбекистонда давлат байрами сифатида 1997 йил 1 октябрдан бошлаб нишонланиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг "Ўқитувчи ва мураббийлар кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонуни 1996 йил 27 декабрда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган. Мазкур қонун 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси халқ таълими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида" ги қонун ўрнига қабул қилинди.
Янги қонун ушбу байрамда меҳнати қадрланадиган касблар доирасини кенгайтирди. Яъни бу кун нафақат ўқитувчилар, балки барча устоз ва мураббийлар байрами деб белгиланди. Бундан ташқари, байрам учун календарда алоҳида сана – 1 октябрь санаси ажратилди. Илгари халқ таълими ходимлари куни октябрь ойининг биринчи якшанбасида нишонланар эди.
1997 йилда ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригида Президент Каримов уларнинг меҳнатини юқори баҳолаб, ҳар бир ўқитувчи ишининг мураккаблиги ва аҳамиятини таъкидлаб ўтди ҳамда "ўз билими ва тажрибасини, истеъдоди ва маҳоратини, меҳрини, кучини аямай, энг яхши инсоний фазилатларни намоён этиб, таълим ва маърифат учун чин дилдан беминнат хизмат қилгани учун" барча мураббийларга миннатдорлик билдирди.
Ислом Каримов мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратди. Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш, умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг меҳнатини рағбатлантириш чораларини кўриш бўйича тизимли ишлар давлат сиёсати даражасида олиб борилди.
1994 йилдан Ўзбекистонда халқ таълими ходимлари ҳар йили мукофотланиб, рағбатлантирилиб келинмоқда. "Ўзбекистон Республикаси халқ таълими ходимларини мукофотлаш тўғрисида"ги илк фармон 1994 йил 28 сентябрда Президент томонидан имзоланган бўлиб, унда таълим ва маърифат соҳасининг 138 вакили медал, орден, турли унвон ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Бугунги кунда ҳам ушбу касб эгалари эъзозланиб, ёш авлодни тарбиялашдаги уларнинг фидоий меҳнати қадрланиб келмоқда.