ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзгаларни бахтли қилишга баҳшида умр


16.03.2018

Ислом Каримов номидаги жамғарма томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 80 йиллигига бағишлаб чоп этилган «Ислом Каримов - Мустақил Ўзбекистон асосчиси» номли китоб-альбом ҳамда «Мерос ва ҳозирги замон» бюллетенининг биринчи сони топширилди.

Мазкур нашрларда давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатчилар, турли касб ва турли ёшдаги юртимизнинг оддий фуқаролари, шунингдек Биринчи Президент билан кўп йиллар давомида бирга яшаган, яқин мулоқотда бўлган инсонларнинг хотиралари жамланган. Альбомдаги фотосуратларнинг аксарияти эса, илк бор кенг оммага тақдим этилган.

Нашрларни топширишга бағишланган тантанали маросимда Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ислом Каримов номидаги жамғарма ва Илмий-маърифий мажмуа ходимлари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, республика журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари, ОАВи ходимлари иштирок этдилар.

Татьяна Каримова ўз сўзида мазкур маърифат кошонасида ушбу тадбирнинг ўтказилишидан мамнунлигини билдирди. Чунки мана шундай замонавий кутубхонани барпо этиш ғояси Ислом Абдуғаниевичда, у киши мутасадди раҳбар бўлиб ишлаган пайтларидаёқ пайдо бўлган. Бу ҳақда кўп гапирардилар. Президент бўлганидан кейин бу орзуни амалга оширишга бор куч ва имкониятни сафарбар этди. Халқимиз маърифатли, ёшларимиз дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган билимли, ориф инсонлар бўлиши учун ҳамма шароитни яратиш Президентнинг олий мақсади эди. Мен бугун Президентимиз Шавкат Миромоновичга Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қилинаётган барча ишлар учун чуқур миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Ушбу китоб-альбомни яратиш имконияти ҳам айни шундай муносабат туфайли юзага келди - деди Татьяна Акбаровна.

Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Али, Ислом Каримов томонидан ўзлигимизни англаш, тарихий ҳақиқатни айниқса, буюк аждодимиз Амир Темур номини тиклаш, маънавиятимизни юксалтириш йўлида амалга оширилган ишларга кенг тўхталди. Дунё харитасида Мустақил Ўзбекистонни тенглар ичида тенг даражасига кўтаришдаги хизматларини чуқур ҳурмат ила тилга олди.

– Шундай сиймолар борки, – деди Журналистлар уюшмасининг раиси Саъдулла Ҳакимов, – уларнинг тақдирин Ватан, миллат тақдиридан айри кўриш, ёҳуд Ватан, миллат тақдирини бу буюк зотларнинг тақдиридан айри кўриб бўлмайди. Ислом Каримов билан ишлаган давримни  миллат фидоийси мактабида сабоқ олган йиллар сифатида ёдимда сақлайман.

«Ислом Абдуғаниевич доимо инсон бу дунёга бахтли бўлиш учун келади дердилар. Лекин ўзлари бизларни бахтли қилиш учун яшадилар». Олий ўқув юрти талабаси Аббосова Меҳринознинг  бу сўзлари йиғилганларни тўлқинлантириб юборди.

Шу юрт учун, шу халқ учун жонини фидо қилишга тайёр инсон Ислом Каримовнинг ҳаётий тамойили ҳам айни шундай эди.