ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ОЛИЙ ҚАДРИЯТ


08.05.2023

Хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ.

Ислом Каримов.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йилдан бошлаб, юртимизда 9 май санаси Хотира ва қадрлаш куни “Инсон-азиз, хотира-муқаддас” деган эзгу ғоя остида нишонланиб келмоқда.

Ҳар бир халқ қандай яшаши, нимани қадрлаши, қайси саналарни қай йўсинда тантана қилишини ўзи ҳал этади. Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг 9 майни шўро талқинидагича байрам қилиш бизнинг онг-шууримизга мутлақо мос келмай қолган эди. Бу байрамнинг мазмун-моҳияти буткул ўзгарди – у халқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунига айланди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов тинчлик ва барқарорлик борасида сўз кетган ҳар бир машварат, мажлис ёки халқаро форумларда сўзга чиққанида, журналистларга шу мавзуда интервью берганида ҳамиша урушни қоралаб, ҳеч қандай ғоя ёки сиёсий мақсад инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин эмаслигини, барча муаммоларнинг ечимини фақат ва фақат тинчлик йўли билан ҳал қилиш зарурлигини қатъий таъкидлаб келган. Тинчлик-тараққиёт гарови эканлигини у киши чуқур англаган.

Биринчи Президентнинг том маънода тинчликпарвар раҳбар бўлганини тасдиқловчи биргина факт. Ислом Каримов мамлакат Қуролли кучларининг Олий Бош қўмондони бўлганига қарамасдан ҳеч қачон ҳарбий форма киймаган. Миллий армиянинг қудрати ва салоҳиятини юксалтиришга қаратилган барча ишларнинг замирида, бошқа давлатларга нисбатан тажовуз ёки таҳдид эмас, балки, Ўзбекистоннинг тинчлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилиш мақсади мужассам эканлигини Биринчи Президент ҳамиша таъкидлаб келган.  Ислом Каримов учун фарзандларининг бахти, оналарнинг хотиржамлиги, юрт равнақи, халқ манфаати ҳар нарсадан устун бўлган. Мана шу бойликларга таҳдид солувчи сиёсатга ҳеч иккиланмасдан қарши турган. Биронта ҳарбий блокка Ўзбекистон аъзо бўлмагани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Дарҳақиқат, бутун борлиқнинг марказида ҳазрати инсон туради. Бу оддий хақиқатни тан олмаган ҳар қандай ғоянинг мағзи-пуч, пойдевори-бўш, иморати-омонатдир.

Олий қадриятларимиздан бирига айланган Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларни улуғлаш, тинчликнинг қадрига етишдан иборат.

Ф.Курбанбаев суратлари