15 октябрь куни Ёдгорлик мажмуасига Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳайкали пойида унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шимолий Каролина (АҚШ) Университетининг биокимё ва биофизика фанлари профессори Азиз Санжар, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна билан учрашиб мулоқотда бўлди ва унинг ҳамроҳлигида «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини кўздан кечирди.
Чуқур миннатдорлик ила битилган дастхат, фахрий меҳмонлар китоби саҳифасидан ўрин эгаллади.
Ўзаро тажриба алмашиш мақсадида, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети раҳбариятининг таклифига биноан мамлакатимизга келган Азиз Санжар, бир ҳафталик ташрифи давомида (15-22 октябрь) расмий доиралар вакиллари ва ҳамкасблари ҳамда ёш мутахассислар билан учрашувлар ўтказади. Онлайн режимида саратон ва уни кимёвий даволашга оид янгиликлар хусусида маъруза қилади. Ташрифнинг иккинчи куни ЎзМУда бўлиб ўтадиган халқаро илмий анжуманда профессор Азиз Санжарга университет Фахрий доктори унвони тақдим этилиши режалаштирилган.
Ташриф дастурида олимнинг Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Хива шаҳарларига сафари ҳам кўзда тутилган.