ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ислом Каримовнинг хотираси ёдга олинди


02.02.2023

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Ислом Каримов номи берилган ташкилотларда Биринчи Президентнинг таваллуд топган кунига бағишланган Хотира хафталиги доирасида тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.

Мустақиллигимиз меъмори қалбларда мангу яшар

30-январь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг таваллуд куни муносабати билан Ислом Каримов барельефи пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда университет раҳбарияти-проректорлар, факультет деканлари, бўлим бошлиқлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва талабалар иштирок этишди. Тантанали маросимда Ислом Каримовнинг ҳаёти ва серқирра фаолияти, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ёдга олинди.

Сўзга чиққанлар томонидан хотираси халқимиз ардоғида бўлган Биринчи Президент барчамиз учун буюк ибрат намунаси бўлиб қолиши эътироф этилди. Унинг  изланишларга лойиқ бой маънавий меросини кўз қорачиғидек асраш ҳамда янада бойитиш бугунги ва келажак авлодларнинг муқаддас инсоний бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.

 Ватанга бахшида умр

«UzAuto Motors» АЖ Асака заводида 30-январь куни ўтказилган тадбирда «UzAuto Motors» АЖ раҳбарияти, корхона касаба уюшмаси қўмитаси вакиллари, ишчи-ходимлар, корхона фахрийлари, Асака туман маънавият ва маърифат маркази бўлими вакиллари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар Биринчи Президентнинг ташаббуси билан барпо этилган заводнинг ишга туширилиши билан боғлиқ хотиралар тилга олиниб, корхонага  Ислом Каримов номи берилгани нафақат ишлаб чиқариш жамоаси, балки бутун вилоят аҳлида фахр ва ифтихор туйғусини уйғотгани хақида гапирдилар. Корхона Бош директори Бо Инге Андерсон корхонанинг бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси иктисодиётини ривожлантиришдаги ўрни, бу ерда яратилган янги иш ўринлари, меҳнат қилаётган  ёшларнинг ташаббускорлиги ва изланувчанлиги, Ватанимиз равнақига қўшаётган ҳиссалари хақида фикр билдириб, Ислом Каримов таваллуд топган кун билан барчани табриклади. Тадбир сўнггида Биринчи Президент хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, Ислом Каримов монументи пойига гулчамбарлар қўйилди.

Номингиз барҳаёт, хотирангиз муқаддас

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти жамоаси томонидан Биринчи Президентнинг 85 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Абадий ёдимизда” деб номланган тадбирда буюк йўлбошчининг хотираси ёдга олинди. Етук сиёсий арбоб, Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси Ислом Каримовнинг ёрқин ҳаёт йўли, серқирра фаолиятига оид фикр-мулохазалар билдирилган тадбирда, Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуаси ходимлари томонидан йиғилиш қатнашчиларини қизиқтирган барча  саволларга атрофлича жавоб берилди. Учрашув жонли ва самимий кечди.

 

Ф. Курбанбаев суратлари