Ҳар қандай давлатнинг мустақиллигини биринчи навбатда унинг ўз армияси ҳимоя қилиши керак. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда давр талаби ва жаҳон андозаларига мос Қуролли Кучларни барпо этиш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 19 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган табригида "Шу давр ичида амалга оширилган ишларни баҳолар эканмиз, бугунги кунда Ўзбекистон амалда ўзининг замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши қуролланган, мамлакатимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга деб айтиш учун барча асосларимиз бор", деган фикрлари тизимда ўтказилган ислоҳотлар натижасига берилган ҳаққоний баҳодир.
Ўзбекистон узоқ йиллар давомида Қуролли Кучларининг сони, жанговор салоҳиятидан келиб чиқиб, турли мамлакатларнинг ҳарбий хавфсизлиги даражасига баҳо берувчи халқаро таҳлилий марказларнинг рейтингларида ҳамиша юқори ўринларни эгаллаб келган. Марказий Осиёда эса, энг пешқадам мавқеда бўлган.
Бугунги кунда ҳам ҳарбий салоҳият бўйича бутунжаҳон индексида (Global Firepower Index) Ўзбекистон Қуролли Кучлари 128 мамлакат орасида 39-ўринни эгаллаб турибди. Собиқ иттифоқ давлатлари орасида эса, мамлакатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий салоҳият бўйича Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринда қайд этилган.
Мана шу мавзуда сўз юритилган давра суҳбати Биринчи Президент таваллуд топган кунга, Ислом Каримовнинг хотирасига бағишланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги биносида 8 февраль куни ўтказилди.
«Миллий армия-истиқлолимиз мустаҳкамлигининг гарови» мавзусидаги давра суҳбатида Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий ва Тошкент шаҳар кенгашлари вакиллари, Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ислом Каримов Фонди ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги офицер ва сержантлари, фахрийлар иштирок этишди.
Мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашда, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашда, халқаро миқёсда миллий армия нуфузини оширишда Биринчи Президентнинг роли ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ёрқин хотиралар тилга олинди.
Татьяна Акбаровна ўз сўзида Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қилинаётган кенг кўламдаги ишлар учун Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди. Хотира кечаси ташкилотчилари ва иштирокчиларга Ёдгорлик мажмуаси ва Ислом Каримов Фондининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўз навбатида, тадбир ташкилотчилари томонидан ҳадя қилинган совғаларни Татьяна Каримова мамнуният ила қабул қилиб олди.
Пойтахтимиздаги 184-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Сардор Сайдуллаев томонидан мозаика услубида тайёрланган Ислом Каримовнинг портрети энг азиз, бебаҳо совға сифатида эътироф этилди.