10 июль куни Ёдгорлик мажмуасига Ўзбекистон белбоғли кураш Федерацияси раиси Равшан Дастиров бошчилигида делегация ташриф буюрди.
Белбоғли кураш бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётган спортчи ва мураббийлардан таркиб топган меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини томоша қилган меҳмонлар, экспозициянинг юқори даражада ташкил этилганини эътироф этиб, фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирдилар.
Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов миллий спорт тури бўлган “Кураш” ва “Белбоғли кураш” нинг қайта тикланиши ва халқаро миқёсда кенг оммалашишида муҳим роль ўйнаганини таъкидлашдилар.
Шунингдек, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Болалар спортини ривожлантириш фонди тузилиб, унинг ҳомийлик кенгашини бошқарди. Фонд туфайли Ўзбекистон бўйлаб миллионлаб болалар ўзлари ёқтирган спорт турлари билан замонавий спорт заллари ва стадионларда шуғулланиш имконига эга бўлдилар. Бу “Ўсиб келаётган соғлом авлод – мамлакатимиз келажаги гарови” концепциясида мустаҳкамлаб қўйилган соғлом турмуш тарзини оммалаштиришда мамлакатимиз учун мутлақо янги ёндашув бўлди. Бу Ўзбекистон спортчиларининг юксак ютуқлари учун асос яратди. Бунга улар томонидан халқаро мусобақаларда қўлга киритилган кўплаб мукофотлар мисол бўла олади.
Фахрий меҳмонлар китобига Равшан Дастиров-«...Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти қалбимизда абадий яшайди», деган дастхат қолдирди.