ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МЕҲМОНЛАР – БЎЛҒУСИ АДОЛАТ ПОСБОНЛАРИ


19.06.2024

Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси эшиклари кенг жамоатчиликнинг турли қатлам вакиллари учун мудом очиқ. Ватан мустақиллиги ва уни ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўлида онгли умрини бағишлаган Биринчи Президент хотирасини ёдга олиш ҳам – эзгу ва савоб иш.

Ёдгорлик мажмуасининг бу галги меҳмонлари – Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари бўлишди. Асосий йўналиши – судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаб, улар малакасини оширишга қаратилган мазкур таълим даргоҳи вакилларининг ҳуқуқий-демократик давлат пойдеворини қуришда етакчилик қилган Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига қизиқиши улкан бўлмоғи табиий.

Мажмуа раҳбари Темур Ширинов меҳмонларни қутлаб, уларга бу маскан фаолияти тўғрисида тушунча бераркан, жумладан, шундай деди: “Буюк тарихий шахсларга баҳо берувчи шахснинг ўзи ҳам буюк бўлиши керак. Масалан, сиз – бўлғуси судьялар учун бир умрлик мезон бўладиган “Куч – адолатда” ғояси муаллифи бўлмиш Амир Темурдек шахсга объектив баҳо ҳам – айнан истиқлол йилларида, айнан Ислом Каримов томонидан берилган эди. Мустақиллигимиз асосчиси – Биринчи Президент фаолиятига сиёсий баҳони эса Президент Шавкат Мирзиёев берди. Бугун мана шу кўриб турганингиз – мажмуа ҳам ана шу юксак баҳо маҳсули”.

Меҳмонлар мажмуанинг бетакрор майдони, қолаверса, “Бутун оламни жо қилган юрак” фотокўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилишди.

Фозилжон Отахонов, Судьялар олий мактаби профессори, юридик фанлар доктори:

“Ислом Каримов шак-шубҳасиз мустақиллигимиз рамзи ҳисобланади. Мен, маълум муддат бевосита унинг раҳбарлигида Президент девонида, кейинроқ Адлия вазири сифатида ишлаган одам сифатида айта оламанки, у шахс коррупцияни, адолатсизликни вужуд-вужуди билан ёмон кўрар эди. Унинг – мустақил давлат илк Конституциясининг, қолаверса, уч поғонали, яъни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари вертикали устувор бўлган мамлакат асосчиси сифатидаги буюк хизматлари – биз ҳуқуқшунослар учун ҳамиша фахр манбаи”.

Дилбар Чориева, Судьялар олий мактаби тингловчиси:

“Шахсан ўзим 1992 йилда, мактаб остонасига қадам қўйганимдан бошлаб Биринчи Президентимизни телевизорда кўриб, радиода овозларини эшитиб улғайганман. Лицейда ўқиётган чоғимда эса у кишининг оталарча қувватлаган мактубларини олиш бахтига муяссар бўлганман. Бундан кейинги иш фаолиятимда ҳам у буюк шахснинг ҳаёти ва фаолияти мен учун ўрнак вазифасини ўтайверади”.

Ислом Каримов номидаги кутубхонада меҳмонларга мазкур зиё масканининг ташкил этилиши билан боғлиқ жараёнлар, бой китоб фонди, китобхонларга яратилган замонавий шароитлар ҳақида батафсил ва қизиқарли маълумотлар берилди.

Ф.Қурбонбоев олган суратлар