ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Луқмон Бўрихон хотираси адабиёт мухлислари, ўқувчилари қалбида абадий яшайди


02.08.2023

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олов тутган одам” китоби муаллифи Луқмон Бўрихон вафот этди.

Луқмон Бўрихон 1965 йил 15 февралда Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Янгиобод қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1991).

Дастлабки ҳикояси — «Бегимқул катта» (1987). Шундан сўнг ёзувчининг «Ялангоёқ» (1991), «Сирли муаллим» (2006), «Хизр кўрган йигит» (2007) cингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилган. «Жазирамадаги одамлар» (2005) романи муаллифи ҳам саналади.

2018 йилда Тошкент “Университет” нашриётида чоп этилган “Олов тутган одам” романида Ислом Каримовнинг 1986–1989 йилларда Қашқадарё вилоятидаги раҳбарлик даври, “ўзбек иши”, “пахта иши” деб аталган кампания авж олган йилларда республикада кечган долғали воқеалар қаламга олинган.

Роман драматик, қизиқарли лавҳаларга, тасвирларга бой. Буларда ўша оғир йиллар нафаси сезилиб туради. Мутолаа жараёнида бош қаҳрамон китобхон кўз ўнгида қаттиққўл, талабчан раҳбар қиёфасидагина эмас, балки қалби қувончу қайғуларга лиммо-лим, хайрихоҳ, оддий инсон сифатида ҳам намоён бўлади. Ўқувчини ўз изтиробларига, эзгу ҳис-туйғуларига ошно этади.

Заҳматкаш адибдан бетакрор ҳикоя, қисса ва романлар мерос бўлиб қолди.

Луқмон Бўрихон хотираси адабиёт мухлислари, ўқувчилари қалбида абадий яшайди.