ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

КОНСТИТУЦИЯ – ХАЛҚ ТАЯНЧИ


07.12.2021

Ислом Каримов ўта мураккаб бир шароитда, нафақат юртимизда, балки бутун собиқ иттифоқ ҳудудида таҳликали вазият юзага келган, парокандалик бошланган, фожиали воқеалар рўй бераётган 1989 йилда, мамлакатимизда тинчлик, миллатлараро тотувликни сақлаб, сиёсий ва иқтисодий инқирозга йўл қўймасдан юрт ва халқни жар ёқасидан қайтара олган мард ва одил етакчи бўлиб майдонга чиқди. Ўша йиллари сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор, тинч ва фаровон Ўзбекистонни барпо этишда, мамлакатни истиқболда тараққий эттиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган Конституцияни яратиш, устувор вазифага айланганини бугун яна бир бор ёдга олиш ўринлидир.

Тарихан қисқа муддатда мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг мураккаблигига, атрофимиздаги беқарорликларга қарамасдан Мустақил Ўзбекистоннинг Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича жуда катта, мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Давлатнинг Бош ҳужжати давлатимизни иқтисодий ва сиёсий ривожлантиришга кенг имкониятларни очиб берувчи ҳужжат сифатида илғор мамлакатларнинг ҳуқуқий амалиётини ўзида тўлиқ мужассам этди.

Мазкур ҳужжатни тайёрлашда комиссиянинг раиси – Ислом Каримовнинг қараш ва интилишлари ягона мақсадга йўналтирилган эди.  Яъни, Ўзбекистон, инсонпарварлик тамойилларига асосланган, миллати, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва сиёсий қарашларидан қатъий назар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган, келажаги буюк мустақил демократик давлат эканлиги Конституцияда тўлиқ ифода этилиши шарт.

Уч ой давомида Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтиб, 1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Парламенти мазкур тарихий ҳужжатни қабул қилди. Шу кундан бошлаб ушбу сана мамлакатимизда кенг нишонланиб келмоқда.