Ҳар йили сентябрь ойининг биринчи декадаси ва январь ойининг охирги ўн кунлиги ичида Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси томонидан анъанавий Хотира ҳафталиги ўтказилади.
10 февраль куни Оқсаройда Хотира ҳафталигининг якуний тадбири – Ислом Каримов таваллуд кунининг 85 йиллигига бағишланган Хотира кечаси бўлиб ўтди.
Шу куни Оқсаройнинг фойесига юздан зиёд меҳмонлар ташриф буюрди. Ислом Каримовнинг оила аъзолари, яқин дўстлари, сафдошлари, у кишининг Президентлик даврида турли вазирлик ва идоралар, ташкилотларда раҳбар бўлиб ишлаган инсонлар, меҳнат фахрийлари, давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари, мутасаддилар, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат кўрсатиш ниятида вилоятлардан келган меҳмонлар, ижтимоий тармоқларда Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолиятини ёритиб келаётган блогерлар, ОАВи ходимлари, эл таниган ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар тадбирда иштирок этишди.
Хотира кечасида янги адабий нашрлар, илмий асарлар, видеофильмларнинг тақдимоти ўтказилди.
Даставвал кеча қатнашчилари Туркиялик қардошларимизга, рўй берган даҳшатли зилзилада ҳалок бўлганларнинг яқинларига, табиий офатдан азият чеккан барча инсонларга ҳамдардлик билдириб, бир дақиқа сукут сақладилар.
Хотира кечасининг бошида “Ислом Каримов Биринчи Президент” номли видеофильм намойиш этилди.
Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ўз сўзида Биринчи Президентнинг сиёсий фаолиятига тўхталар экан, унинг таҳликали кунларда етакчи сифатида кўрсатган жасорати ва матонатини кўпчиликка маълум бўлмаган қизиқарли фактлар асосида ёритиб берди. Ислом Абдуғаниевичнинг инсоний фазилатлари, юрт ва элга нисбатан чексиз садоқати, оилапарварлиги хусусида сўз юритди.
Кечанинг бадиий дастуридан асосан Ислом Каримов севиб тинглайдиган куй ва қўшиқлар ўрин эгаллагани эътиборлидир. Ўзбекистон қаҳрамони Муножот Йўлчиева ижросида янграган “Мустаҳзод” қўшиғи билан боғлиқ хотиралардан кейин санъаткорнинг чиқиши йиғилганлар томонидан ўзгача кайфият билан кутиб олинди.
Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов асосан Ислом Каримов музейининг очилиши билан боғлиқ тараддудлар, Татьяна Каримованинг бу борада кўрсатаётган фаоллиги ва ғамҳўрлиги ҳақида гапирди.
Шундан кейин Ўзбекистон деб аталмиш ўлканинг тарихига оид анимацион фильм намойиш этилди.
Сиёсатшунос олим, профессор Нарзулла Жўраев ўзининг янги асари - “Тарихий давр кашфиёти” китобини кеча иштирокчиларига тақдим этди.
Ислом Каримов музейини ташкил қилишда фаол иштирок этган турли соҳа вакилларига ташаккурномалар топширилди. Татьяна Акбаровна фидоийлик кўрсатиб ишлаган мутахассисларни қутлаб, самарали ҳамкорлик учун ўз миннатдорлигини билдирди.
Фарғоналик инглиз тили ўқитувчиси, таржимон Нилуфар Нишонова “Буюк ўзбек аёллари” номли тўпламнинг муаллифи. У китобнинг инглиз тилидаги нусхасини ўзи таржима қилиб нашрга тайёрлаган. Тадбирда унинг отаси мазкур тўпламни Татьяна Акбаровнага тақдим этар экан, Нилуфар ушбу китобни Ислом Каримовга бағишлаб чоп эттирганини айтди. Биринчи Президент тўғрисидаги ўз қарашларини Нилуфар Фарғонадан юборган видеомурожаатида баён қилган. Тадбир қатнашчиларини муаллиф Ислом Каримовнинг 85 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Хотира кечасида ИИВи фахрийлари иштирок этиб, Биринчи Президент билан боғлиқ хотираларни ифода этдилар. Машҳур боксчи-республикада хизмат кўрсатган спортчи, халқаро мусобақаларнинг кўп карра ғолиби, 1996 йилдаги Олимпия ўйинлари совриндори Карим Тўлаганов олқишлар билан кутиб олинди. Ниҳоятда самимий ва ёрқин хотираларга бой чиқиши билан машҳур спортчимиз барчанинг кайфиятини кўтариб, Татьяна Акбаровнага таклиф этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди.
Умуман бу галги тадбир тақдимотларга ҳам, ўзаро совғаларга ҳам бой бўлди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди раҳбари Светлана Иномова Биринчи Президент томонидан топширилган “Соғлом авлод учун” орденини Ислом Каримов музейига топшириш тўғрисидаги қарорини йиғилганлар кўтаринкилик билан кутиб олди. Фахр-ифтихорга, ибратга лойиқ қарор.
Хотира кечасининг иштирокчилари-Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фонди бошқарув кенгашининг раиси Ботир Убайдуллаев, Ўзбекистон халқ артистлари Рамиз Усмонов, Зулайхо Бойхонова, Женисбек Пиязов, республикада хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Юнус Гулзаров ва бошқалар тадбирнинг сермазмун ва файзли ўтишига муносиб ҳисса қўшдилар.
Кеча якунида “Уфқдан нарини кўрмоқ истайман” видеофильми намойиш этилди. Бир пиёла чой устида дўстона суҳбатлар давом этди.
Ф.Қурбанбаев суратлари