ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Хотирангиз олдида таъзимдамиз


05.09.2022

Бир юртнинг отаси бўлмоқ-улуғлик,

Ҳар уйнинг отаси бўлолган-даҳо! 

 

Ўзбекистон республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳеч қачон даҳоликка даъво қилмаган. У тахтдан кўра халққа яқин етакчи бўлган. Ҳаётлигида ўзи хақида бадиий асар ёки тўлақонли фильм яратиш, ёки рассомларга портретини чиздириш тўғрисидаги таклифларни рад этиб келгани кўпчиликка  маълум. Ўз интервьюларида ҳам Ислом Абдуғаниевич ҳамиша Ватан тақдири, халқнинг қувонч ва ташвишлари хақида гапирарди. Буюклик камтарликда зоҳир бўлишининг тасдиғидир бу.

Тоғларнинг юксаклиги олисдан яққолроқ кўринади. Ислом Каримовнинг нақадар буюк шахс бўлганини ҳам, йиллар ўтган сайин чуқурроқ англамоқдамиз. У кишининг вафотидан кейин улуғ йўлбошчига бағишланган асарлар ҳам ёзиляпти, фильмлар ҳам суратга олиняпти, мўйқалам усталари ва хайкалтарошларнинг ижодий ишлари кенг оммага намойиш этилмоқда. Неча юз йилларга етадиган мавзу... Биз бебахо мерос эгаларига айландик. Ислом Каримовдан қолган маънавий ва моддий меросга. У кишига қайтарадиган биргина бойлигимиз бор, у ҳам бўлса-Хотирадир.

“Хотира бизларни тарих билан боғлайдиган кўприк”, дерди Биринчи Президент. Бугун эса, Ўзбекистон халқи билан у зотни, “Хотира” деб аталмиш беназир қадрият боғлаб турибти.

Ҳар йили август ойининг охирги ўн кунлигида, Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуаси томонидан Биринчи Президентнинг хотирасига бағишланган хафталик ўтказиш анъанага айланган. 2022 йил 29 августдан 3 сентябрьга қадар давом этган Хотира хафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги кутубхонанинг расмий очилиши, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”га бағишланган давра суҳбати ҳамда Хотира кечаси бўлиб ўтди.

3 сентябрь куни Оқсарой қароргоҳи одамлар билан гавжум бўлди. Хотира кечасига таклиф этилган меҳмонлардан ташқари тадбирда қатнашиш истагини билдирган барча юртдошларимиз учун қароргоҳ эшиклари очиқ турди.

Ватан озодлиги, юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги учун жонини аямаган, кўҳна тарихимизни, беназир маънавиятимиз ва маданиятимизни, буюк аждодларимиз номини тиклаб, ўзлигимизни англашга, халқимизнинг миллий ғурурини уйғотишга бутун борлиғини баҳшида қилиб яшаган, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасига бағишланган Хотира кечаси аввалида, у зотнинг руҳи-покларига бағишлаб қуръон тиловат қилинди.

Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова,  уларнинг набиралари Имон ва Марям, оиланинг яқинлари, Ислом Абдуғаниевичнинг дўстлари ва қадрдонлари, сафдошлари, идора ва ташкилотлар, нодавлат жамғармалар, сиёсий партиялар ва ОАВи вакиллари, адабиёт ва санъат намоёндалари, вилоятлардан ташриф буюрган ҳамюртларимиз қаторида ёшлар кўпчиликни ташкил этди. Биринчи Президентнинг хотирасига чексиз ҳурмат, авлоддан авлодга ўтиб боришидан, буюк шахснинг номи абадиятга дахлдор бўлиб қолишидан далолатдир бу.

   
   
   
   
   
   

Сўзга чиққанларнинг ҳам, кеча қатнашчиларининг ҳам, санъаткорларнинг ҳам хаяжонларини тушуниш мумкин. Хотира кўз ёшларисиз, ҳис-туйғуларсиз бўлмайди. Айниқса, Ислом Каримовдек буюк зотнинг хотираси. Ҳаёт, Ватан, миллат, юрт тарихи, ота, улуғ йулбошчи мавзуларидаги самимий ва эҳтиросга бой хотиралар, маърузалар, ижро этилган қўшиқлар кечага ўзгача файз, одамларнинг кайфиятига ўзгача руҳ ва хушнудлик баҳш этди. Ўзаро улашилган совға-саломлар ҳам, эсдалик учун олинган суратлар ҳам унутилмас таассуротларни янада бойитди.

Сайқал Самарқандда ётибсиз букун,

Буюк Соҳибқирон билан ёнма-ён.

Ўзбек миллатининг халоскори, деб,

Тоабад ёд этар сизни бу жаҳон.

 

Ф.Курбанбаев суратлари