ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ХОТИРА МУҚАДДАС, ИНСОН ҚАДРИ АЗИЗ


21.12.2021

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича амалий тадбирлар доирасида пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов музейини ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Мазкур лойиҳа маҳаллий ва хорижлик мутахассислар – кўп йиллик тажрибага эга музейшунослар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Шу кунга қадар Оқсарой қароргоҳида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва бинонинг маълум бир қисмидаги хоналар музей экспозициясини жойлаштиришда қулайлик яратиш мақсадида демонтаж қилинди. Ислом Каримовнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ уч қаватли қароргоҳнинг асосий қисми асл ҳолича қолдирилди.

Таъкидлаш жойиз, музейни жиҳозлашда замонавий меъморий ва техник услублар кенг қўлланилмоқда.

Бажарилаётган ишларнинг самарали бўлишини таъминлаш мақсадида ҳар бир қават, ҳар бир хона ва экспозиция жойлаштириладиган заллар бўйича ўтказилаётган тақдимотларда мутахассислар доимий равишда ахборот бериб бормоқдалар. Қизғин ва ишчан руҳда кечаётган муҳокамаларда лойиҳа муаллифларидан бири, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова мунтазам иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдириб келмоқда.

   

Навбатдаги кенгайтирилган таркибда ўтказилган тақдимот маросимида республиканинг бир қатор вазирлик ва идоралари мутасаддилари, агентлик ва ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Илмий текшириш институтлари олимлари, музей ишлари бўйича маҳаллий ва чет эллик мутахассислар, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ходимлари ҳозир бўлдилар. Мақсад – айни босқичда қилинган ишларни намойиш этиш ва бу борада йиғилганларнинг фикрини ўрганиш.

Аслида бундай тадбирлар лойиҳанинг шаффофлигини таъминлаш билан бир қаторда кейинги босқичдаги ишларни амалга оширишда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда давом эттириш имкониятини юзага келтиради. Тақдимот қатнашчилари қароргоҳ ичкарисида қилинган ишларни кўздан кечирдилар. Меҳмонларга таниқли кино усталари томонидан яратилган аннимацион фильм ҳам намойиш этилди.

Бир неча дақиқали фильмда юртимизнинг қадимий тарихи, Ўзбекистоннинг шаклланиши ва тараққий топиши билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ қамраб олинган. Таниқли режиссёр Жахонгир Қосимов бошчилигидаги ижодий гуруҳ томонидан тайёрланган фильм тақдимот қатнашчиларида чуқур таассурот қолдирди.