ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“ХОТИРА – АБАДИЙ, ҚАДР – МУҚАДДАС”


06.09.2024

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ўчмас ёдига бағишлаб “Хотира – абадий, қадр – муқаддас” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда тарихчи ва тилшунос олимлар, ёзувчи, шоир ва журналистлар, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Ислом Каримовни яқиндан билган ва биргаликда фаолият юритган инсонлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда Ёдгорлик мажмуаси ходимлари иштирок этди.

Хотира кечаси ноанъанавий тарзда, ўтганлар руҳи покига бағишлаб ўқилган Қуръон тиловати билан бошланди. Шундан сўнг намойиш этилган – Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб тайёрланган таъсирчан видеолавҳа иштирокчиларни ғоят тўлқинлантириб, мустақил давлатимиз асосчиси билан ҳақли равишда фахр-ифтихор ва ғурур туйғуларини уйғотди.

Тадбирни очаркан, мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов ўз сўзида айни анжуман – жорий йилнинг 2 сентябрь куни мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев мажмуага ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирган расмий тадбирнинг мантиқий давоми эканини, Биринчи Президентимиз тарихнинг туб бурилиш палласида мамлакат мустақиллигини эълон қилган ва уни тараққиёт йўлига олиб чиққан, оғир даврда етакчилик қилгани, шу боис ҳам унинг хотирасига ҳар қанча ҳурмат бажо келтирсак ҳам арзигулик эканини таъкидлаб ўтди.

Биринчи Президентнинг рафиқаси, Ёдгорлик мажмуаси Васийлик кенгаши аъзоси Татьяна Каримова ўз сўзида мустақиллик учун курашган ва унга хизматлари сингган ватанпарвар инсонлар хотирасини миннатдорлик билан ёдга олаётганимиз – Ислом Каримов асос солган ва бугунги кунда ҳам изчил давом этаётган тинчликпарвар давлатчилик анъанасининг ўзига хос далили эканини тилга олди.

Ёдгорлик мажумаси томонидан нашр этилган “Ҳикматга айланган фикрлар” китобининг тақдимоти ҳам алоҳида эътиборга молик воқеа бўлди. Ислом Каримовнинг маъруза ва нутқлари, билдирган фикр-мулоҳазалари, унинг асарларидан ўрин олган иқтибослар жамланган  китобнинг тўпловчиси ва сўзбоши муаллифи Нуриддин Очилов ўз чиқишида мазкур рисола Биринчи Президент ҳаёти ва фаолияти билан қизиқувчилар, кенг жамоатчилик учун мўлжалланганини қайд этди.

Кечада сўз олган филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбек, Ўзбекистон санъат арбоби Дадахон Ёқубов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, халқаро “Олтин мерос” жамғармаси раиси, журналист Амирқул Карим, филология фанлари доктори Беруний Алимов, Ислом Каримовнинг – шахсий шифокори Ҳусниддин Муҳамедов, шахсий ошпази Жўрабек Сапаров, қўриқчилар бўлинмаси бошлиғи Ҳусан Қаюмовлар – Биринчи Президент ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашишди.

Қизиқарли ва ҳаяжонга бой тарзда ўтган анжуман қатнашчилари – унинг ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, Ислом Каримов феномени хали кўп йиллик изланишлар ва тадқиқотларга лойиқ беназир хазина, деган якдил фикрга келдилар.

Тадбир якунида илмий ишлари ва тадқиқотлари билан ҳамкорлик қилган иштирокчиларга мажмуа номидан “Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси” номли китоб-альбом ва ташаккурномалар топширилди.

Меҳмонлар анжуман ўтказилган тарихий бино, яъни Биринчи Президентнинг собиқ “Қабуллар уйи”даги кутубхона фонди ҳамда шу кунларда янгидан ташкил этилган, Ислом Каримов иштирокидаги тарихий воқеалар акс этган фотоэкспозицияни қизиқиш билан томоша қилишди.

Мажмуа матбуот хизмати

Т.Қурбонбоев фотосуратлари