Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматлари хусусида сўз юритилиб, истиқлол йилларида Ислом Каримов раҳбарлигида барча соҳалар қаторида халқимизнинг маънавий қадриятларига эҳтиром, муқаддас динимиз, ўзлигимиз, анъана ва урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни тиклаш ҳамда сақлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Бугун глобаллашиб бораётган дунёда Ислом Каримовнинг ғоялари баркамол авлодни тарбиялашга катта ҳисса қўшади.
«Ислом Каримов – Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси» видеофильмининг намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Шу куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти тузилиб, ёшлар етакчиси сайланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА