ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Халқаро анжуман қатнашчиси Ёдгорлик мажмуасида


13.08.2018

7-8 август кунлари Тошкентда «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида 25 давлат вакиллари иштирокида халқаро анжуман ўтказилди.

 

Ёзувчи, шоир, таржимон ва адабиётшунослар қаторида, Анқара шаҳридаги Ғози университетининг ўзбек адабиёти ўқитувчиси, филология фанлари доктори, профессор Фатма Ачик ҳам анжуманда иштирок этди.

Фатма хоним Ўрта Осиёда жадидлар ҳаракати тарихи, жадидлар адабиёти бўйича халқаро миқёсда йирик мутахассислардан бири саналади.

 

Ўзбек миллий маданияти ва адабиётига нисбатан жуда катта ҳурмат билан қарайдиган туркиялик олима, беназир меросимизнинг қадрини ҳамиша улуғлаб келган.

Фатма Ачик пойтахтимизга бу галги сафари давомида Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гуллар қўйиб унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилган Фатма хоним, экспозициядан ўрин эгаллаган, Туркиялик рассом Чигдем Бучак Теллининг «Бахтли болалик кафолати» номли асарини кўриб ҳайратини яшира олмади.

«Ислом Каримовдек буюк инсоннинг образини яратган мўйқалам усталари қаторидан менинг ватандошим ҳам ўрин эгаллаб тургани қалбимда қувонч ва ғурур туйғуларини уйғотди»,-деди Фатма Ачик. У ўз таассуротларини фахрий меҳмонлар китобида ёзиб қолдирган дастхатда ифода этди.