Пойтахтимиздаги Халқаро маданият карвон саройи биносида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуд топган кунга бағишланган «Жоним сенга фидо Ўзбекистон» хотира кечаси бўлиб ўтди.
Республика маданият вазирлиги, Бадиий Академия, Ўзбекистон маданият ва санъат кўргазмаси томонидан ташкил этилган тадбирда Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ходимлари, Ислом Каримов Фонди вакиллари, мутасадди идоралар раҳбарлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, санъат усталари, талаба ёшлар иштирок этди.
Кеча аввалида Республикада хизмат кўрсатган журналист, чорак аср давомида Ислом Каримовнинг шахсий фотосуратчиси бўлиб ишлаган, Биринчи Президент иштирокидаги сиёсий машваратлар, тантанали маросимлар, оила даврасидаги тадбирларни суратга олган Фарход Курбонбоев фотокўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Сўзга чиққанлар Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ёрқин хотираларини кеча қатнашчилари билан баҳам кўрдилар. Биринчи Президентимиз билан учрашиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлган, у кишининг қўлидан давлат мукофотларини қабул қилиб олган инсонларнинг хотиралари йиғилганлар, айниқса ёшларни тўлқинлантириб юборди. Шоирларнинг, санъаткорларнинг чиқишлари кечага ўзгача файз бағишлади. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабалари томонидан саҳналаштирилган «Озодлик» номли спектакль намойиш этилиб, хонандалар ижросида Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар янгради.
Татьяна Каримова йиғилганларга «Ислом Каримов-Мустақил Ўзбекистон асосчиси» хотира китоби, «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси каталоги, Ёдгорлик мажмуаси фаолиятига оид журналларни хотира кечасидан эсдалик сифатида тақдим этди. Татьяна Акбаровнанинг дастхатини олиш истагини билдирган кўпчиликнинг илтимоси ерда қолмади.
Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга, тадбир ташкилотчилари ва меҳмонларга Ислом Каримовнинг хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди.