ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ислом Каримовни синфдошлари ёд этди


20.01.2018

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилоятидаги таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 

Буюк Йўлбошчимиз таҳсил олган Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида ўтказилган ана шундай тадбирда таълим муассасаси ўқитувчи ва ўқувчилари, маҳаллалар аҳолиси, шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. 

Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари А.Умаров ва бошқалар Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк сиёсатчи сифатида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида чинакам фидойилик кўрсатганини таъкидлади. У кишининг Самарқандга бўлган фарзандлик меҳри ва садоқати туфайли мустақиллик йилларида ушбу шаҳарда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилгани қайд этилди. 

Ислом Каримовнинг синфдош дўстлари Ш.Шаропов, Ю.Биленко эса бу улуғ инсоннинг болалиги, ўқувчилик йиллари, шунингдек, устозлари ва синфдошларига бўлган самимий муносабати ҳақида тўлқинланиб гапирди. 

– Ёшимизда бироз фарқ бўлса-да, маҳаллада бирга ўсганмиз, мактабга биргаликда қатнаганмиз, – дейди Т.Аҳмеджонов. – Ислом Каримов болаликдан ҳар бир ишни пухта режа билан бажарар, дарсдан сўнг турли тўгаракларга қатнашарди. Ҳатто, ёзги таътил пайтларида ҳам қўлидан китоб тушмасди. Биз шундай улуғ инсон билан бир мактабда ўқиганимиз, у билан замондош бўлганимиздан фахрланамиз. Ислом Каримов нафақат маҳалладошлари ва дўстлари, балки бутун Ўзбекистон халқи қалбида яшамоқда. 

Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилди, шеърлар ўқилди. 

 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА