ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбир


04.02.2019

2019 йил 30 январь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда профессор - ўқитувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ходимлари, университет фахрийлари, университет Ёшлар иттифоқи Бошланғич  ташкилоти фаоллари,  талабалар иштирок этишди.

 

Университет ректори, профессор Садриддин Турабджанов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг  серқирра фаолияти ҳақида фикр билдириб, бу олижаноб инсоннинг Ўзбекистон мустақиллигига эришишда кўрсатган жонбозлиги, истиқлолни мустаҳкамлаш йўлида, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий тизимни яратиб, унинг барқарор ривожини таъминлашга қўшган ҳиссаси, мураккаб жараёнлар кечаётган бир даврда сиёсий маконда осуда ҳаётни таъминлаш йўлида амалга оширган ҳаракатлари ибратли жасоратнинг намунаси эканлигини таъкидлади.

 

Ислом Каримовни биринчи навбатда шахс, сиёсий етакчи сифатида идрок этиб, унинг фаолиятини жамият ҳаётининг соҳалари билан, аниқроғи ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий соҳаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириши билан боғланган тарзда тавсифлаш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, ижтимоий соҳа  кенг қамровлилиги билан ажралиб туриши ва унинг  таркибида таълим-тарбия, баркамол авлод тарбияси  алоҳида ўрин тутганлиги билан  боғлиқ  жиҳатлар  қайд  қилинди.

Профессор  Ваҳоб Қўчқоров ўз нутқида қуйидагиларни   таъкидлаб ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Ислом Каримов ҳайкаллари қад ростлади, у киши узоқ йиллар самарали фаолият юритган Оқсарой қароргоҳи ёдгорлик мажмуасига айлантирилди, Тошкент давлат техника университети, Тошкент халқаро аэропорти, йирик муассаса ва ташкилотлар, пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги марказий кўчаларга буюк Йўлбошчимиз номи берилганлигини таъкидлаб ўтди.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклагани ҳамда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда юртимизни жадал ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантиргани билан алоқадор фикрлар билдирди. 

Маърузада Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлганлиги  ҳақида мисоллар келтирилди.

Сўзга  чиққанлар Биринчи Президент томонидан мустақилликнинг осонликча қўлга киритилмаганлиги ҳамда  тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлидаги хизматлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар. Тадбир қатнашчилари университет бош биноси олдида қад ростлаган буюк давлат ва сиёсат арбоби барельефи пойига гул қўйдилар. Унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.