ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИСЛОМ КАРИМОВ СИЙМОСИ – АМАЛИЙ САНЪАТ АСАРЛАРИДА


21.01.2021

2021 йил 25 январ соат 11:30 да Ўзбекистон Амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи Давлат музейида “Ислом Каримов сиймоси –амалий санъат асарларида” номли кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Бугунги кунда Ўзбекистон амалий санъати ўзининг хилма-хил турлари ва миллий хусусиятлари билан ажралиб туради. Мустақиллик туфайлиЎзбекистонда барча соҳалар қатори, миллий ҳунармандчиликнинг унутила бошланган қадимий анъаналари ва мактаблари қайта тикланди. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида уста-ҳунармандларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга қаратилган алоҳида эътиборлари халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати анъаналарининг бардавомлигига хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан “Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатни янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1997-йил 31-март, (ПФ-1741-сон) фармони миллий маданиятни ривожлантиришда халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатининг аҳамиятини ошириш, қўлда ишланадиган юксак бадиий буюмларни тайёрлаш асрий анъаналарини ва ўзига хос турларини қайта тиклаш ҳамда халқ ҳунармандларини давлат томонидан мадад кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.

“Ислом Каримов сиймоси – амалий санъат асарларида” номли кўргазма экспозициясида Ўзбекистон ва хориж ҳунармандлари томонидан яратилган, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов сиймоси туширилган 18 та амалий санъат намуналари намойиш этилган.

Кўргазмага қўйилган ҳар бир санъат асари Биринчи Президентимизнинг биз учун номаълум бўлган ҳаётий лавҳаларни ўз ичига қамраб олган. Амалий санъатда – Биринчи Президентимиз образи акс этган асарлардан иборат кўргазма томошабинлар қалбида кучли таассурот қолдириши табиийдир.

 

Манушак Арушанова, cанъатшунос