Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Тошкент темир йўл муҳандислари институтида “Ислом Каримов – маънавий жасорат соҳиби” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, Ватанимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк шахс сифатида халқимиз қалбида абадий муҳрланиб қолиши таъкидланди.
Ислом Каримовнинг сиёсий ва руҳий жасорати билан 1991 йилда дунё харитасида янги суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлди. Мамлакатимизни тараққий эттиришга қаратилган ислоҳотлар бутун жаҳонда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинди. Халқимиз ўзининг тарихан қисқа муддатда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда Биринчи Президентимиз номи билан боғлайди.
– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизни дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига кўтариш, дунё давлатлари билан ишончли ҳамкорликни ўрнатиш, халқаро эътироф этилган тамойил ва нормаларга амал қилишга аълоҳида эътибор қаратган, – дейди Тошкент темир йўл муҳандислари институти проректори Дилшод Баратов. – Унинг узоқни кўзлаган сиёсати натижасида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятда ўз муносиб ўрнига эга бўлган кучли давлатга айланди.
Тадбирда Ислом Каримовнинг сермазмун ҳаёти ва фаолиятига доир маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА