14 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида «Истиқлол тиклаган қадриятлар: ислом дини эзгулик ва бағрикенглик ифодаси» мавзуида учрашув ва очиқ машғулот ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита, Республика маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин мамлакатимизда халқимизнинг азалий дини-исломга катта эътибор берила бошлади.
Давлат ва дин ўртасидаги муносабатларнинг тамойиллари шаклланиб, дин эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қилинди ва уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди.
Учрашувда сўзга чиққанлар тадбир мавзусига доир мулоҳазалар билдириб, муқаддас динимизни тиклаш, жамиятда диний бағрикенглик, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтиришда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хизматларини алоҳида эътироф этдилар.
Тадбирда «Ислом-эзгулик дини» номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Очиқ машғулот қатнашчилари Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.