2018 йил 10 февраль куни Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Ислом Каримов – тараққиётнинг “ўзбек модели” асосчиси” мавзусида маънавий-маърифий анжуман ўтказилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети мазкур тадбир ташкилотчилари бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан олимлар, мутахассислар, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов номини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтишди.
Ислом Каримов томонидан давлат ва жамиятни ривожлантириш “ўзбек модели” мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини, халқимиз давлатчилиги тарихини, миллий-диний қадриятлар ва жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилгани қайд этилди. Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлатнинг бош ислоҳотчи аҳамияти, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш машҳур бешта тамойилга таянган ушбу модель бозор иқтисодиётга асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегияси сифатида истиқлол йилларида барча амалий ишларнинг ишончли пойдевори, тараққиётнинг ҳаракатланувчи кучига айланди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистон Республикасини 2017 – 2021 йилларда бешта устувор йўналишлар бўйича ривожлантириш Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон халқи фаровонлиги ва давлатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлида янги тараққиёт босқичида республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттирмоқда.
Тадбир иштирокчиларига “Мустақиллик меъмори” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.