ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида учрашув


13.02.2018

Жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида “Western Export Solutions” компанияси ижрочи директори Эстебан Виллегас Хосе Антонио бошчилигидаги Испания делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гуллар қўйди ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиришди. Сўнгра делегация аъзолари Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова ҳамроҳлигида мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” бадиий кўргазмаси билан танишди.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида меҳмонлар Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Республика хайрия жамоат фондининг Ислом Каримовнинг ҳаёти, кўп қиррали фаолияти ва меросини ўрганиш бўйича амалга ошираётган фаолияти ҳақида қисқача хабардор қилинди.

Биринчи Президентимзнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Испания халқларини Буюк ипак йўли маконида асрлар давомида сақланиб қолган қадимги тарихий дўстона муносабатлар боғлаб туради. Буюк Амир Темур давридаёқ халқларимиз ўртасида дипломатик ришталар боғланган. Улар ҳақида Европанинг Самарқанддаги биринчи элчиларидан бўлмиш Руи Гонсалес де Клавихо чиройли баён қилган.

Ўз навбатида, испан делегацияси аъзолари таъкидлаганларидек, мамлакатда тинчлик, халқ фаровонлиги ва миллатлараро тотувлик таъминлагани Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг энг катта хизматидир.

Тадбирда Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Республика хайрия жамоат фонди вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.