ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ҲУРРИЯТИМИЗ ТИМСОЛИ


02.07.2025

2 июль – Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун. Бундан роппа-роса 33 йил муқаддам, 1992 йил 2 июлда мамлакатимиз Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунга Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан имзо чекилган эди.

Демак, 33 йилдан бери биз бу кунни – халқимиз шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам қилиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишонч ифодаси акс этган табаррук тимсолимиз пайдо бўлган кун сифатида нишонлаб келамиз. Зеро, гербимиз марказидаги афсонавий Ҳумо қуши қадим-қадимдан – бахт ва давлат, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад белгиси ҳисобланади. Демак, у – ҳурриятимиз тимсоли ҳам.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, судлар, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига жойлаштирилган.

Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда акс этган.

Осуда тонглар, мусаффо осмон, олам аро борлигимиз ва бирлигимизнинг ёрқин намунаси бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби биз учун табаррук, эъзозли, бетакрор тимсолдир.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари