ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“...Ҳар босган изингиз – ифтихор, ғурур.”


12.09.2023

Ислом Каримов таваллудининг 85 йиллигига

Шу йилнинг 12 сентябрь куни Ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган Хотира хафталиги доирасида “Ислом Каримов: мустақиллик ва миллий тараққиёт” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда тарихчи олимлар, Ўзбекистон ФА тасарруфидаги марказ тадқиқотчилари, республика олий ўқув юртлари ўқитувчилари, профессорлар ва фалсафа докторлари, талаба ёшлар ҳамда Ёдгорлик мажмуаси ходимлари иштирок этдилар.

Давра сҳбати модератори – Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов тадбир аввалида Ўзбекистон Мустақиллигининг асосчиси – Биринчи Президентнинг буюк давлат арбоби сифатида эл ва юрт олдидаги мислсиз хизматлари, ёш суверен давлатнинг халқаро майдонда танилиб, тан олинишига қўшган улкан ҳиссаси, ютимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги роли хусусида ўз мулохазаларини баён этди.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишлаб ёзилган “Исломнома” китобининг тақдимоти алоҳида эътиборга лойиқ воқеа бўлди. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Акбар Имомовнинг қаламига мансуб мазкур нашрни муаллифнинг ўзи йиғилганларга тақдим этиб, ўз чиқишида Биринчи Президентнинг хотираси билан боғлиқ фикр-мулохазаларга кенг ўрин ажратди.

Сермазмун маърузалар, савол-жавобларга бой тарзда ўтказилган тадбир қатнашчилари давра суҳбати ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, Ислом Каримов феномени хали кўп йиллик изланишлар ва тадқиқотларга лойиқ беназир хазина деган хулосага келдилар.

Йиғилиш қатнашчилари таниқли режиссёр Жахонгир Косимов томонидан тайёрланган “Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти” номли қисқа метражли фильмни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Учрашув якунида маъруза қилган олим ва тадқиқотчиларга Ёдгорлик мажмуаси номидан “Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистоннинг асосчиси” номли китоб-альбоми ва ташаккурномалар топширилди. 

Ф.Қурбанбаев суратлари