ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ҳамкорликнинг илк қадамлари


10.12.2018

Маълумки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида давлат раҳбари бўлиб ишлаган шахсларнинг номини абадийлаштириш мақсадида турли мажмуалар, музейлар ва уй музейлари ташкил этилган. Ушбу масканлар ўша юртнинг сайёҳлик харитасида эътиборга молик зиёратгоҳ жойлар сифатида белгилаб қўйилган. Уларнинг аксарияти, шу жумладан Ҳамдўстлик ҳудудидаги марказ ва музейлар ҳам кўп йиллардан бери фаолият юритиб келмоқда.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ушбу марказлар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш, уларнинг иш фаолияти билан бевосита танишиб ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

 

Яқинда Мажмуа ходимлари томонидан Туркияга амалга оширилган хизмат сафари тажриба орттириш нуқтаи-назаридан ўта самарали кечди. Тўғри, ҳозирда интернет тармоғи орқали истаган музей ҳақида кераклича маълумот тўплаш мумкин. Бироқ, айнан иш юритиш бўйича, яъни музейлаштириш, фондлар билан ишлаш, илмий изланишларни изчил давом эттириш, ходимларнинг малакасини ошириш, реклама ва ахборот хизматини ташкил этиш, музейларни жиҳозлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш каби кўплаб муҳим масалаларни ҳал этишда бевосита учрашув ва музокараларнинг аҳамияти ҳам, фойдаси ҳам катта эканлигини инкор этиб бўлмайди.

 

Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш агентлиги –ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таклифига кўра, мажмуа ходимлари Истанбул ва Анқара шаҳарларидаги музейларга ташриф буюриб, мазкур идораларнинг раҳбарлари, мутахассислар ва ходимлар билан яқин мулоқотда бўлдилар.

 

Аниткабир ёдгорлик мажмуаси, Биринчи ва Иккинчи Парламентларнинг музейлари, мамлакатнинг иккинчи Президенти уй-музейи, Долмабахча саройи каби тарихий масканларда Ўзбекистонлик ва Туркиялик ҳамкасблар бир-бирларига қизиқарли бўлган маълумотлар билан ўртоқлашдилар, жуда кўп мавзуларда ўзаро фикр юритдилар, икки томонлама совға-саломлар улашилди. Музейларнинг заллари, хоналарнинг техник жиҳозланиши, тарихий экспонатларнинг мантиқий жойлаштирилиши ва бошқа кўплаб жиҳатлар Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси ходимларида унутилмас таассурот қолдирди.

 

Тошкентга қайтгач, Музей директори Алишер Ишматов ва фотосуратчи Фарход Курбонбоевлар томонидан Туркия сафари юзасидан ўзига хос тақдимот тайёрланди. Шу тариқа, мажмуа ходимлари ва мутахассислар муҳим аҳамиятга молик янгиликлар ва зарур маълумотларга эга бўлдилар.

 

 

 

 

Фарход Курбонбоев олган суратлар