ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«Фарзандларимиз биздан кўра бахтли яшасин»


05.09.2019

Мана шу шиор остида Ёдгорлик мажмуасида ўтказилган конференция Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган анъанавий ҳафталик доирасида ташкил этилди.

 

Тадбирда вазирлик ва идоралар ходимлари, «Соғлом авлод учун» орденлари соҳиблари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

1993 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти томонидан «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ташкил этилиб, мустақил мамлакатимизнинг биринчи мукофоти «Соғлом авлод учун» 1 ва 2 даражали орденлар таъсис этилган эди.

 

Ўтган йиллар давомида ҳайрия фонди ходимлари аҳоли, хусусан, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом боланинг дунёга келиб, камол топиши, фарзандларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш каби қатор вазифаларни бажаришда давлат органларига камарбаста бўлиб хизмат қилиб келмоқдалар.

Фаол ходимларнинг сафи кенгайиб, «Соғлом авлод учун» орденлари билан тақдирланганларнинг сони йил сайин кўпайиб бораётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

 

5 сентябрь куни конференция иштирокчилари Ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов ҳайкали пойида Биринчи Президентнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Анжуман қатнашчиларини «Соғлом авлод учун» фонди президенти Татьяна Каримова самимий қутлаб, йиғилганларни Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги билан муборакбод этди.

 

Фахрийларга, фонднинг республикадаги энг фаол ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларига эсдалик совғалари, ташаккурномалар топширилди.

Халқаро мақомга эга бўлган фонднинг хорижий ҳамкорлари ҳам ҳамиша хайрли ишларда ташкилотнинг яқин ёрдамчиларидир.

 

Бу галги тадбирда Россиянинг «LUKOIL Overseas Uzbekistan Ltd» компанияси томонидан Бухоро вилояти тиббий ижтимоий ёрдам бригадаси учун ажратилган тиббий автомашинанинг тақдимоти бўлиб ўтди. Татьяна Акбаровна компания президенти Степан Гуржийга ташаккурнома топшириб фонд номидан миннатдорлик билдирди.

Конференция қатнашчилари Ислом Каримов хотирасига бағишланган кўргазмани катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

 

Темур Курбонбоев олган суратлар