Буюк сўз санъаткори, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон Халқ шоири, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, Абдулла Орипов ўзбек шеърияти деб аталмиш саройнинг тахтини эгаллаган хассос шоир, беназир ижодкордир.
Замонавий ўзбек адабиётида Абдулла Орипов ижоди юксак бир мақомда туради. Чунки у ўз ижоди билан ўзбек шеърияти қадрини баланд кўтарди ва ўзи ҳам ижод оламида, халқ ичида юксак қадр топди. Бетакрор, чуқур фалсафий, табиий кечинмаларга йўғрилган, қалб призмасидан ўтган, теран, образли мушоҳадаларга бой бадияти, шеъриятга олиб кирган ўзгача оҳанглари, хос ифода усули, ҳаёт ҳодисаларининг янгича талқини билан ўз адабий мактабини яратди.
Яратганнинг ўзи унга гўзал бир тақдир ато этди. Серфарзанд ота, вафодор рафиқанинг умр йулдоши, халқнинг суйган фарзанди ва юртбошининг алоҳида эътибори ва ҳурматига сазовор бўлган буюк шахс.
Абдулла Орипов “Ўзбекистон Халқ шоири” ҳамда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонлари билан тақдирланган.
Унинг сўнгги ижод намуналаридан бири Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган “Буюк бунёдкор” мақоласи бўлиб, шоир “Ислом ака биз айтиб улгурган ва улгурмаган барча фазилатлари, рўёбга чиқарган улуғ ишлари, тарихнинг ғоят қисқа даврида кўрсатган юксак жасорати билан келгуси авлодларимизга ҳамиша буюк ибрат тимсоли бўлиб қолади” деб хотирлаган ва “Мангулик” шеърини ёзган.
Май ойининг бошларида шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Орипова томонидан Ислом Каримов кутубхонасига тақдим этилган китоблардан бирига битилган дастхатда, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримовага чексиз миннатдорлик билдирилган. Ҳеч шубҳасиз, бундай эътиборнинг замирида Ислом Каримов хотирасига нисбатан юксак ҳурмат мужассамлигини англаш мумкин.
Абдулла Орипов хонадонидан туҳфа этилган китоблар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг, шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ нашр этилган туркум асарлар тўпламидир.
Ушбу китобларда шоирнинг ўзбек шеъриятининг олтин хазинасидан муносиб ўрин олган энг сара шеърлари, достонлари, “эълон қилинмаган шеърлар” туркуми, шоирнинг жондан севган она халқи, шеърият шайдолари, мухлису шогирдлари, таниқли шоир дўстлари томонидан ёзилган шеърий эҳтиромлари, ўрин олган.
Татьяна Акбаровна нодир ва қимматли совға учун Ориповлар оиласига чин юракдан миннаторчилик билдириб, беназир асарлар Ислом Каримов кутубхонасининг тўридан жой эгаллашини ва буюк замондошимиз хотираси биз учун қадрли бўлиб қолишини таъкидлади.
Ф.Курбанбаев фотосуратлари.