ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Буюк йўлбошчимиз хотираси мангу барҳаёт


27.01.2018

Шу кунларда мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ҳам Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев буюк давлат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди Ислом Каримовнинг бугунги авлодларга озод ва обод Ватан қолдириш йўлидаги машаққатли меҳнатлари барчага ибрат ва намуна бўлиши кераклигини таъкидлади. Буюк Йўлбошчимиз тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди. У инсон ўзининг серқирра ва сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори мустақиллигимиз меъморининг хотирасини абадийлаштиришда муҳим қадам бўлди. 

Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Пойтахтимиз ва бошқа ҳудудлардаги марказий кўчалар, муассасалар, жоме масжидига, шунингдек, Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобиль заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига Ислом Каримов номи берилди. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Тошкент, Самарқанд шаҳарларида у кишининг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади. Пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейи ташкил этилди. 

Ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь куни кенг нишонланиб, 2 сентябрь куни Хотира куни сифатида ёд этилади. Олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини жорий этиш, Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли, бадиий фильмлар яратиш, у кишининг сиймоси акс эттирилган махсус почта маркаларини чиқариш вазифалари белгилаб қўйилди. 

Тадбирда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган хужжатли фильм намойиш этилди. Биринчи Президентимизнинг залворли ҳаёт йўли, мамлакатимиз тақдирига дахлдор буюк ишлари, миллий тарихимизда қолдирган чуқур изи ҳақида маърузалар тингланди. 

 

Гўзал Сатторова, ЎзА