Биринчи Президент таваллуд куни яқинлашар экан, мамлакат тақдирида буюк из қолдирган, дунё харитасида “Ўзбекистон” деган мамлакат пайдо бўлишига мислсиз улкан ҳисса қўшиб, ўз онгли ҳаёти ва умрини шу эзгу ишга бағишлаган инсонни хотирлаб, унинг номи билан аталган илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига келувчилар сони ортиб бормоқда. Зеро, Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган ушбу маскан, ундаги Кўргазмалар зали ва кутубхона буюк йўлбошчимиз иш фаолияти, унинг мустақиллик тарихида тутган ўрнини кўрсатиб беришга хизмат қилмоқда.
Буюк инсонни ёдга олиб, у билан боғлиқ хотираларга ошно бўлиш истагидаги юртдошларимиз орасида турли касб-кор ва соҳалар вакиллари бор. Юртимизнинг энг янги тарихини қунт билан ўрганиб, тадқиқ этишга умрини бағишлаган тарихчилар-ку, инчунун. Мажмуага Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш минтақавий Марказидан – олий ўқув юртлари қошидаги академик лицейларнинг тарих фани ўқитувчилари, тадқиқотчилар, олимлар, тингловчилар ташриф буюришди. Меҳмонлар мажмуа фаолияти, “Оқсарой” тарихи, “Кўргазмалар зали” ҳамда Ислом Каримов номидаги кутубхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Фикримизга яна бир далил сифатида – Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги Малака ошириш марказидан, фалсафа фанлари доктори, профессор Исмоил Саифназаров раҳбарлигида, иқтисод фанидан олий ўқув юртларида таълим берувчи ходимларнинг “Бутун оламни жо этган юрак” номли доимий кўргазмага ташрифини ҳам мисол қилишимиз мумкин. Зиёрат ва хотирлаш баробарида иштирокчилар малака оширувчилар дастуридан ўрин олган – “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” курси бўйича амалий машғулот ҳам ўташди.
Зеро, Биринчи Президент келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт кафолати бўлган буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди. Буни эса мажмуага келган ҳар бир меҳмон ўз қалбидан, онгу шууридан ўтказиши табиий. Мажмуада эса бундай туйғулар жўш урмоғи йўлида барча шароит яратилган.
Т.Қурбонбоев фотолари