Оқсарой қароргоҳида бугун ўзгача тантанаворлик руҳи ҳукмрон. Бундай кайфиятни юртимизнинг ҳар бир вилоятида, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам кузатиш мумкин. Биринчи Президентнинг таваллуд куни халқимиз томонидан муносиб тарзда нишонланмоқда.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасидаги “Бутун оламни жо қилган юрак” фотокўргазмасига келаётган ҳамюртларимизнинг кети узилмайди.
Ислом Каримовнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида ташриф буюрган ёшу-қарининг юзида, кўзида мусибат ва ғамгинлик эмас, балки ғурур ва ифтихор, миннатдорлик туйғулари мужассамлигини кўриш мумкин. Ха, бугунги доруломон кунларни, тинчлик ва осойишталикни бизларга инъом этган Биринчи Президентни халқ фахр ила ёдга олмоқда. Буюк зотнинг сиймоси авлодлар қалбида ўчмас из қолдирганидан далолатдир бу.
Ислом Каримовнинг хайкали пойига гул ва гучамбарлар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш истагида ташриф буюрганларни кўриб, Хотира–ўлмас қадрият эканлигига яна бир бор иймон келтирдик.
Ф. Қурбанбаев
Т. Қурбанбаев суратлари