ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

БОШ МЕЗОН – ҲАЛОЛЛИК


04.03.2024

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Жаҳон Белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев, мазкур спорт турининг Осиё конфедерацияси раҳбари Мўмин Муротов ҳамда Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастировлар меҳмон бўлишди. Улар Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова, мажмуа раҳбари Темир Ширинов ҳамда мажмуа ходимлари билан мулоқот қилишди.

Меҳмонлар Белбоғли кураш бўйича АҚШда ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан – ҳар бир бурчаги ўзбек халқининг улуғ фарзанди Ислом Каримовни эслатиб турадиган масканга келишни ихтиёр этганлари тўғрисида тўлқинланиб сўз юритдилар. Айнан у шахснинг ташаббуси билан ўзбекнинг миллий кураши халқаро мақом касб этди, ундаги “ҳалол”, “ёнбош”, “чала” каби ва бошқа ўзбекча каломлар жаҳон ареналари узра янграй бошлади. Ҳозирги кунда бу спорт  тури Осиё ўйинлари дастурига киритилган бўлиб, бутунжаҳон Белбоғли кураш ассоциациясига 40 дан ортиқ давлатлар аъзо бўлиб кирган.

Учрашув иштирокчилари қайд этишганидек, бугун сайёрамиз аҳли мазкур миллий спорт тури билан бирга – қадим ва бой ўзбек тарихи, миллий анъаналар ва урф-одатлар ила ошно бўлишмоқда. Курашнинг асрлар оша ўтиб, яшаб келаётган фалсафасида ҳам – айнан ҳалоллик, мақсадга ҳалол йўл билан эришмоқ, деган мезон ётади. Шу билан бирга, у рақибга ҳурмат, инсонийлик, бағрикенглик, мақсад йўлидан тоймаслик каби қадриятларни тарғиб қилади.

Татьяна Акбаровна, меҳмонлар илтимосига кўра, уларни Оқсарой қароргоҳидаги Ислом Каримовнинг шахсий кабинетига бошлаб борди. Белбоғли кураш етакчилари – мамлакат Биринчи Президенти узоқ йиллар иш фаолиятини олиб борган бу гўша муҳитини янада теранроқ ҳис этиб, Ислом отанинг руҳи покига Қуръон оятларидан тиловат қилишди.

Ғоят илиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган учрашув чоғида, келгусида ҳам мажмуа билан ҳамкорликда – халқаро ва минтақавий мусобақалар ғолиблари иштирокида тадбирлар ўтказишга келишиб олдилар.

Т.Қурбонбоев суратлари