ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Билимли, кучли ва бахтли авлод вакиллари


06.12.2023

             “Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади.”

                                                                                                                                                                                  Ўзбекистон Ресрубликаси Конституцияси, 48-модда

Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасида Давлатимизнинг Бош Қомуси қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган тадбирда асосан ёш авлод вакиллари хозир бўлдилар. Кун тартибига қўйилган масаланинг ўзи шуни тақозо этди. Янгиланган Конституцияга жамиятимизда соғлом турмуш тарзининг, жисмоний тарбия ва спортнинг давлат томонидан қўллаб қувватланишига оид модданинг киритилгани, кенг жамоатчилик эътиборига лойиқ муҳим воқеа бўлгани ўз ўзидан аёндир.

Ёш спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритган ғалабалари юртимизнинг шон-шуҳратини янада юксак даражага кўтаргани ҳам айни хақиқат. Хусусан, хоккей бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси шу йилнинг март ойида Осиё ва Океания чемпионатида бешта учрашувнинг барчасида ғалабага эришиб, чемпионлик унвонини қўлга киритди.

Мажмуага ташриф буюрган мазкур жамоа аъзолари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети вакиллари, Ўзбекистон хоккей Федерацияси раҳбарияти мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хайкали пойига гулчамбар қўйиб унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Меҳмонлар “Бутун оламни жо қилган юрак” фотокўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилишди.  

Ислом Каримов номидаги кутубхонада меҳмонларга мазкур зиё масканининг ташкил этилиши билан боғлиқ жараёнлар, бой китоб фонди, китобхонларга яратилган шароитлар хусусида кенг ва қизиқарли маълумотлар берилди.

Кутубхонанинг мажлислар залида очиқ ва дўстона руҳда кечган учрашув қатнашчиларини Ёдгорлик мажмуаси Васийлик Кенгашининг аъзоси, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова самимий қутлади. 

“Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб соғлом авлодни вояга етказиш, жисмоний тарбия ва спорт Ислом Абдуғаниевич учун долзарб масалага айланган. Мазкур сохага давлат даражасидаги устувор масала сифатида ёндошилиши учун республика миқёсида барча имконятлар ишга солинган. Ёшлар Биринчи Президентимиз айтганидек биздан кўра доно, билимли, кучли ва албатта бахтли бўлиши керак. Бугун сизларни кўриб, эзгу ниятлар рўёбга чиққанига гувоҳ бўлиб турибман, бахтли бўлинг”, дея, Татьяна Акбаровна барча спортчиларга омадлар ёр бўлишини тилади.   

Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов бугунги ёшларнинг муваффакиятларини юқори баҳолади. Учрашув модераторининг таъкидлашича, Халқаро Олимпия қўмитасининг “"Тезроқ, Баландроқ, Кучлироқ - Биргаликда" шиори Янги Ўзбекистон ёшларининг ютуқларида ўз ифодасини топаётганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Ф.Курбанбаев суратлари