Ислом Абдуғаниевич Каримов ўта мураккаб бир шароитда, нафақат республикамизда, балки бутун собиқ Иттифоқ ҳудудида таҳликали вазият юзага келган, фожиали воқеалар рўй бераётган 1989 йилда, мамлакатимизда тинчлик, миллатлараро тотувликни сақлаб, сиёсий ва иқтисодий инқирозга йўл қўймасдан юрт ва халқни жар ёқасидан қайтара олган мард ва одил етакчи бўлиб майдонга чиқди.
Ўша йиллари сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор, тинч ва фаровон Ўзбекистонни барпо этишда, мамлакатни истиқболда тараққий эттиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган Конституцияни яратиш, устувор вазифага айланганини бугун яна бир бор ёдга олиш ўринлидир.
Тарихан қисқа муддатда мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг мураккаблигига, атрофимиздаги беқарорликларга қарамасдан Мустақил Ўзбекистоннинг Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича жуда катта, мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Собиқ Иттифоқ тизимидаги қонунлардан фарқли ўлароқ, Бош қомусимиз давлатимизни иқтисодий ва сиёсий ривожлантиришга кенг имкониятларни очиб берувчи ҳужжат сифатида илғор мамлакатларнинг ҳуқуқий амалиётини ўзида тўлиқ мужассам этди.
Янги Конституцияни тайёрлашда комиссиянинг раиси сифатида Ислом Каримовнинг қараш ва интилишлари ягона мақсадга йўналтирилган эди. Яъни, Ўзбекистон, инсонпарварлик тамойилларига асосланган, миллати, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва сиёсий қарашларидан қатъий назар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган, келажаги буюк мустақил демократик давлат эканлиги мазкур ҳужжатда тўлиқ ифода этилиши шарт.
Конституцияни ишлаб чиқиш жараёнида Ислом Абдуғаниевич шахсан АҚШ, Германия, Япония, Канада, Франция, Португалия, Италия, Швеция, Туркия, Испания, Ҳиндистон ва Миср каби давлатларнинг асосий қонунларини мукаммал ўрганиб чиққан.
Уч ой давомида Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтиб, 1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Парламенти мазкур тарихий ҳужжатни қабул қилди. Шу кундан бошлаб ушбу сана мамлакатимизда кенг нишонланиб келмоқда.
4 декабрь куни Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасида Конституция қабул қилинган кунга бағишлаб давра суҳбати ўтказилди.
«Ўзбекистон Конституцияси – мамлакатимиз тараққиётининг асосий пойдевори» мавзуида ташкил этилган тадбирда республика Мудофаа ва Олий таълим вазирликлари ўқитувчи ва талабалари, Давлат бошқарув академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти ходимлари ва тингловчилари, «Маҳалла» кенгаши ва Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси вакиллари ҳозир бўлдилар.
Меҳмонлар Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиришди. «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини ташриф буюрганлар ўзгача қизиқиш билан томоша қилдилар.
Давра суҳбатида Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов, Ислом Каримовнинг сафдоши Георгий Крайнов, Тошкент давлат юридик университети профессори Омонилла Муҳаммаджонов, таниқли ҳуқуқшунос олим, профессор Бобоқул Тошев, подполковник Элёр Тоштемиров, Гулистон давлат университети талабаси, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндори Шоҳсанам Тўлқин қизи ва бошқалар иштирок этдилар, маърузалар қилиб, мавзуга доир мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Намойиш этилган «Мустақиллик меъмори» номли фильм йиғилганлар, айниқса ёшларда катта таассурот қолдирди.
Биринчи Президентнинг рафиқаси томонидан меҳмонларга тақдим этилган «Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси» китоб альбоми ва «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси каталогини олган ҳарбийлар, талабалар ва ўқитувчи-профессорлар, маҳаллаларнинг фаоллари Татьяна Каримовага чексиз миннатдорликларини билдиришди.
Исмаил Хамдиев олган суратлар