ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Бағрикенглик – барқарор тараққиёт кафолати


15.11.2018

15 ноябрь куни Ёдгорлик мажмуасида «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик: Мустақил Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

ЮНЕСКО томонидан бағрикенгликка оид етмишдан зиёд халқаро ҳужжатлар, конвенциялар қабул қилинган. 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Шундан буён мазкур сана инсониятни бағрикенгликка, тинчлик ва осойишталикни сақлашга ундаш мақсадида Халқаро бағрикенглик куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда худди шундай муҳит қарор топган. Юртимизда ўн олти диний конфессияга мансуб 2 минг 238 диний ташкилот, 130 дан ортиқ миллат вакилларидан иборат қарийб 140 миллий-маданий марказ фаолият юритмоқда. Республикамиздаги умумтаълим мактабларида таълим 7 тилда олиб борилмоқда. Улар давлат таълим стандартлари асосида чоп этилган 7 тилдаги дарсликлар билан тўлиқ таъминланган. Телерадио кўрсатувлари 12 тилда тайёрланаётган бўлса, газета ва журналлар 14 тилда чоп этилмоқда.

 

Турли динга эътиқод қилувчилар учун зарур шароитлар яратилгани, уларнинг ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келаётгани эътиборга молик. Ўзбекистондаги ўзаро бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳити тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга, демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишга, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур сана муносабати билан Ёдгорлик мажмуасида ташкил этилган тадбирда, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган можароларга теран кўз билан қараш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш зарурлиги хусусида сўз юритилди. 

 

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити, инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидладилар. 

Маърузаларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мустақилликни мустаҳкамлаш, юртимизда сиёсий ва иқтисодий барқарорликни қарор топтириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка асосланган эркин, демократик жамиятни барпо этиш йўлидаги хизматлари эътироф этилди.

 

Ислом Абдуғаниевич ўз вақтида мазкур масаланинг долзарблигига алоҳида урғу бериб билдирган фикрлари кўп нарсани англатади: «Бизда жуда кўп бойликларимиз бор, лекин энг катта бойлик бу миллатлараро тотувлик».

Президент Шавкат Мирзиёев  ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Стратегияда бешинчи йўналиш сифатида “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар” белгиланди. Бу эса юртимизда фуқароларимиз хавфсизлиги, миллатлар ва диний бағрикенгликка берилаётган эътиборнинг исботидир.

 

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темир Ширинов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, бир қатор миллий-маданий марказларнинг раислари, турли диний конфессиялар вакиллари, олимлар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессорлари, олий ўқув юрти талабалари иштирок этдилар.

 

Фарход Курбанбаев олган суратлар