ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

АСРИЙ ОРЗУ УШАЛГАН САНА


30.08.2024

“Мен шу бугундан эътиборан, 1 сентябрни жумҳуриятимизда Мустақиллик куни – умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман”. 

Ҳар йили айни шу кунларда телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар орқали қайта-қайта эшитадиганимиз – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг айни сўзларини тинглаганда, юрак қайтадан орзиқиб кетади. Ва ҳар сафар 33 йил олдин кечган ўша долғали, ўша фараҳбахш онлар – яқин тарих қатлари аро кўз ўнгингда бор бўй-басти билан гавдаланаверади.

Ҳа, такрор-такрор айтилиб, онгу шуурингнинг бир бурчидан муқим ўрин олган сана ўша – 1991 йил 31 август. Ҳа, ўша тарихий анжуман – Ўзбекистон Олий Кенгашининг XII чақириқ навбатдан ташқари VI сессияси. Давлат  мустақиллигининг  эълон  қилиниши, “Ўзбекистон мустақиллиги асослари тўғрисида” ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши...

Гап – бу такрор уқтирилган таъкидларда эмас. Гап – айни сана-ю воқеликларни – тарихни тилга кирдирмоқ қасдида, солнома тарзида битиш шартлигида ҳам эмас. Гап шундаки, ўтган 33 йил мобайнида бу байрам ҳам, бу сана ҳам – эътиқодимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб улгурди, қадриятимиздан, сийратимиздан сира ўчмас бўлиб ўрин олди. Балки бугунги авлод 33 йил муқаддам кечган воқеаларни тасаввур қила олмас, балки мустақиллик даврида туғилиб, камолга етаётган бу ёшлар мустабид тузум нелигини билмас. Азбаройи ўшаларнинг истиқболи, тарбияси учун ҳам “Энг улуғ, энг азиз” дея тавсифлайдиганимиз – айёмни ҳар қанча шарафласак, оз.

Дарвоқе, бош байрамимизни илк бор шундоқ таърифлаган ҳам, “Мустақиллик бу энг аввало – ҳуқуқ дегани”, дея, ўша олий ҳуқуқни бизга олиб берган ҳам, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, деган талаб қўйиб, истиқлол зурриёдларидан борини аямаган ҳам, “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, деб, умрини шу буюк ишга бахш этган шахс ҳам – Ислом Каримов бўлади.

Бу не синоат, рамзийлик бўлдики, бугун – ҳар қанча шарафласак ҳам озлик қиладиган буюк байрамимиз арафасида – Истиқлол асосчиси номини ҳам, мана, 8 йилдан буён хотирлай бошладик. Дарвоқе, бир неча ўн йиллар олдин унинг ўзи 31 августни – “Қатағон қурбонлари хотираси куни” сифатида белгилаб берган эди. Ажаб уйғунлик: бира тўла учта сана. Сана бўлгандаямки..

Умрни шу Ватан ва унинг саодати йўлида тикиш бўлса, шунчалар бўлар!..

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни – баралла айта оладиганимиз – энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан қутлаймиз!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!