ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Асака шаҳрида Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди


13.02.2019

Ўзбекистонда биринчи автомобиль ишлаб чиқарилганига 20 йил тўлди.

  

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон учун мутлақо янги бўлган соҳа – автомобилсозлик саноатига асос солиши ва уни ривожлантириш ташаббусининг ҳаётга татбиқ этилгани Истиқлол солномасидаги муҳим саҳифаларидан бири бўлиб қолди. Асака автомобиль заводига асос солинишида унинг ўзи бевосита иштирок этганди.

Бугун ушбу автомобиль заводи Ўзбекистоннинг етакчи саноат корхоналаридан бири саналади.

  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Асака автомобиль заводига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти номи берилгани – барча ходимларга ифтихор туйғусини бағишлади.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида қисқа вақт ичида завод ҳудудида Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси барпо этилди ҳамда доимий равишда фаолият юритадиган «Ислом Каримов ва Ўзбекистонда автомобиль саноатининг ривожи» кўргазма-музей иш бошлади.

  

Мазкур мажмуада ҳар йили Ислом Каримов таваллуд топган кунга бағишлаб тадбир ўтказилиши анъана айланган.

Бу йил ҳам,  30 январь куни мажмуада Биринчи Президентимиз хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди. Кенг жамоатчилик вакиллари, вилоят ҳокимлиги раҳбарияти, завод ишчи хизматчилари, меҳнат фахрийлари, олий ўқув юртлари ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари, талаба ва ўқувчилар Ислом Каримовнинг бюсти пойига гулчамбарлар қўйиб унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар Биринчи Президентнинг эл-юрт равнақи йўлидаги буюк хизматларини ҳурмат ва эҳтиром ёдга олдилар.