ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

18 май – Халқаро музейлар куни


18.05.2023

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатда музейлар фаолиятини ривожлантиришга чуқур эътибор қаратила бошланди. Уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 

Очиғини айтганда, ўша йилларда мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда эди. Ечимини кутаётган жиддий муаммоларнинг, зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган масалаларнинг кўплигига қарамасдан, Ислом Каримов пойтахтнинг марказида Темурийлар тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори замирида миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам эди.

Музейлар давлатлар ва халқларнинг турли даврлардаги ривожланиш босқичларидан воқиф этувчи тарих, маънавият ва санъат хазинаси эканлигини Биринчи Президент чуқур англаган.

Айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқимизнинг эртанги кунга ишончини орттириш, ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда энг таъсирчан воситалардан бири ҳам музейлардир.

Айни пайтда, маънавий ҳаётимизнинг кўзгуси бўлган музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли тадбирлар изчил, тизимли асосда давом эттирилмоқда.Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида амалга оширилаётган музейлаштириш ишлари фикримизнинг тасдиғидир.

Ҳадемай музейни шакллантириш билан боғлиқ барча босқичдаги ишлар якунланиб, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига оид экспозицияларга бой тарихий-маънавий кошона ўз фаолиятини бошлайди. Унинг эшиклари узоқ-яқиндан ташриф буюрадиган меҳмонлар ва ҳамюртларимиз учун очиладиган кун сиёсий ва ижтимоий ҳаётимиздаги муҳим сана сифатида Ўзбекистон тарихи солномасидан муносиб ўрин эгаллайди.

Ф.Курбанбаев фотосуратлари.