Ҳарбий хизматни ўзининг касби, Ватан ва халқ олдидаги муқаддас бурчи деб биладиган, бутун ҳаётини Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишга бағишлаган ўғлонларимизнинг оғир хизматини қадрлаш, уларнинг туну кун, тиним билмасдан ўз ҳарбий маҳоратини ошириш йўлида қилаётган машаққатли меҳнатини эъзозлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ислом Каримов
Ўзбекистон армияси – Ватанимиз тинчлигининг мустаҳкам пойдеворидир. Миллий армия тарихан қисқа даврда ўзига хос шарафли йўлни босиб ўтди. Мамлакатимиз Қуролли Кучлари дунё рейтингида Марказий Осиёдаги энг қудратли армия дея тан олинди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ва Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан миллий мудофаа тизими шакллантирилди. Мамлакат мустақиллиги, чегаралар дахлсизлиги, халқ тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга қодир бўлган замонавий миллий армия барпо этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 14 январда ўтган сессиясида Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча қуруқликдаги қўшинлар қисмларини республика юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1993 йилдан бошлаб 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакат миллий хавфсизлигини таъминловчи, фуқаролар ҳуқуқини муҳофаза қилувчи ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ёрдам берувчи, жамоат тинчлигини сақловчи турли органлар ташкил этилди ҳамда замонавий талаблар асосида ривожлантирилди, профессионал армия шакллантирилди.
Global Firepower халқаро компанияси томонидан эълон қилинган халқаро рейтингда Ўзбекистон армияси 2023-йилги дунёдаги энг кучли армиялар рейтингида 145 давлат орасида 62-ўринни эгаллади. Айни пайтда Ўзбекистон қуролли кучларида 65 минг киши хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон армияси тинчлик ва осойишталигимиз кафолатидир. Байрамингиз муборак бўлсин азиз Ватан ҳимоячилари, юрт посбонлари!
Ф.Курбанбаев суратлари