ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ёдгорлик мажмуаси ташкил этилганлигига бир йил бўлди


25.04.2018

25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилганига роппа-роса бир йил тўлди.

                   

 Ҳеч бир муболағасиз таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг хотирасини абадийлаштириш бўйича қабул қилинган мазкур қарор мазмун ва моҳияти жиҳатидан собиқ иттифоқ давлатлари амалиётида кузатилмаган, мисли кўрилмаган қадам бўлди. Яъни, мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида” мақомига эга махсус давлат тузилмаси ташкил этилди.

   

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, мазкур тузилма фақат музей сифатидагина эмас, балки эркин фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлатни барпо этган буюк шахс Ислом Каримовнинг ҳаёти, серқирра фаолияти ва бой меросини ўрганиш ишларини тизимли асосда давом эттирадиган, маърифий-маънавий, илмий йўналишда тегишли изланишлар олиб борадиган ташкилот сифатида фаолият юритадиган бўлди.

   

Энг муҳими, мазкур қарорга асосан, ёдгорлик мажмуаси Ислом Абдуғаниевич Каримов узоқ йиллар ишлаган, умрининг асосий қисмини ўтказган маскан “Оқсарой” қароргоҳида жойлаштирилди. Бу ерда иш бошлайдиган музейдаги экспонатлардан тортиб, хона ва иш кабинетлари, бино атрофидаги шинам ва файзли боғу хиёбонларни асл ҳолича қолдириш имконияти яратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов номидаги мақбаранинг тантанали очилиш маросимида ўзбек халқининг асрий анъаналари, миллий удумлари, энг олий инсоний хислатларни ардоқлаган ҳолда шундай деган эди:

   

“Биз ўзгаларга қарам бўлиб яшаган мустабид тузум даврида бутун онгли ҳаётини эл-юрт равнақига бағишлаган инсонлар, аввало, республикамиз раҳбарлари хотирасига, афсуски, муносиб иззат-икром кўрсатилмади. Бунинг ўрнига уларнинг шаънига турли туҳмат ва бўҳтонлар ёғдирилганини кекса авлод вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ҳозиргача афсусланиб эслайдилар.

Одамийликни, инсон хотирасини ҳамиша азиз ва муқаддас деб биладиган бизнинг халқимиз бундай адолатсиз ишларни асло қабул қилмайди. Юртимизда бундай номаъқул ишларга энди ҳеч қачон йўл қўйилмайди”.

   

Ўтган бир йил давомида Ёдгорлик мажмуаси томонидан низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича катта ҳажмда ишлар амалга оширилди.

Салмоқли фото ва видеоматериаллар архиви ташкил этилди, Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ буюм ва ашёлар тўплами рўйхатдан ўтказилиб тартибга келтирилди. Буларнинг барчаси экспонатлар сифатида келгусида музей залларини бойитиб туради.

   

“Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” кўрик танлови ўтказилди. Унда 900 га яқин юртимиз ва хорижий давлатларнинг фуқаролари иштирок этдилар. Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими шу йилнинг 28 март куни Ўзбек Миллий драма театрида ўтказилди.

Ёдгорлик мажмуаси ҳудудида Ислом Каримовнинг 80 йиллигига бағишланган “Бутун оламни жо этган юрак” кўргазмаси юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шу кунга қадар кўргазмага 80 минг нафардан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрдилар.

   

Фахрий меҳмонлар китобида қолдирилган дастхатларда Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига нисбатан чексиз ҳурмат ва эҳтиром ифода этилган.

“Халқ ўз тарихини билиши керак. Ўзбекистон тарихи эса, бой ва бетакрордир. Беназир асори атиқалар, беназир маданий-маънавий бойликлар, буюк алломалар, Амир Темур, Ислом Каримов каби тарихий шахслар билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Президент Шавкат Мирзиёевга хотирага нисбатан бундай эътибор ва эъзоз учун, бу йўлдаги ташаббуслар ва амалий ишлар учун миннатдорлик билдирамиз”- дейилади кўплаб эсдалик дастхатларида.

      

Бир ойда икки марта Мажмуадаги конференциялар залида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган турли мавзудаги анъанавий очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Тадбирларда таниқли олим ва ёзувчилар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, Ислом Каримовни яқиндан билган турли касб эгалари, талаба ёшлар иштирок этмоқда.

       

13 апрель куни Самарқанд шаҳрида катта муваффақият билан “Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.

Мамлакатимиз Биринчи Президентининг серқирра фаолиятини чуқур ўрганиш бўйича изланишлар давом этмоқда.

 

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни кўриб “Ўзбекистон-келажаги буюк, истиқболи порлоқ давлат” эканлигига ишончимиз янада ортади.

Зеро, аждодлар хотираси эъзозда бўлган юртнинг халқи ҳеч қачон кам бўлмайди.

 

Умид Азизов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси

халқаро бўлим мудири