ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Сарбон юрган йўлларда


13.02.2018

Устоз, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов шу маҳаллада туғилиб ўсганми?

– Ислом Каримов ўқиган мактабга ҳам кирамизми?

– Мактаб музейида Ислом Каримов ўтирган партани ҳам кўрамизми?

– Ислом Каримов ҳайкалига олиб борасизми?

Биринчи Президентимиз шарафига номланган Ислом Каримов кўчаси бўйлаб қатнаётган электромобиль йўловчилари – Самарқанд шаҳридаги 71-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг саволларига бирма-бир жавоб берар экан, Наврўза Суярқулованинг ҳаяжони ортиб борарди: 

– Болалар, биз Ислом Каримов туғилиб ўсган Даҳбеди маҳалласи яқинидамиз. Улуғ Юртбошимизнинг болалиги шу ерларда ўтган. Мана бу – Биринчи Президентимиз ўқиган 21-умумтаълим мактаби. Ислом Каримов мактабда фақат аъло баҳоларга ўқиган, энг фаол, етакчи ўқувчи бўлган. Турли тўгаракларда, спорт мусобақаларида қатнашган.

Мактаб музейида Ислом Каримовнинг ўқувчилик йилларига оид жуда кўп ашёлар сақланади. Мустақиллигимиз асосчиси бўлган Ислом Каримов Самарқандда туғилиб ўсгани, шу ердаги мактабда таҳсил олгани ҳаммамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Сиз ҳам яхши таълим-тарбия олиб, Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлишингиз керак. 

Ўқувчилар бир олам таассуротлар билан Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган хиёбонга етиб келди. 

Маскан зиёратчилар билан гавжум. 

– Самарқандни зиёрат қилиш учун оиламиз билан Қашқадарёдан келдик, – дейди Қарши шаҳрида яшовчи Анвар Сайфуллаев. – Невараларим Ислом Каримов туғилиб ўсган шаҳарни, у киши ўқиган мактабни кўрсин, Буюк Йўлбошчимиз юрган йўлларга қадами тегсин, дедим. Ислом Каримов ўз халқини чексиз меҳр билан севди, ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлади. Йўлбошчимизнинг хотираси халқимиз қалбида адабий сақланиб қолади. 

Буюк сарбон юрган йўлларда электромобиллар яна бир гуруҳ зиёратчиларни олиб, Ислом Каримов кўчаси бўйлаб улуғвор мақбара томон кетди.

Зилола Омонова